Йил сарҳисоби
Сўнгги йилларда мамлакатимизда аҳолининг кундалик ҳаёти, меҳнат фаолияти ва сайёҳлик йўналишлари билан боғлиқ жамоат транспорти – автомобиль, темир йўл ва ҳаво транспорти тизимларини такомиллаштириш давлат сиёсати даражасидаги устувор вазифага айланди.
Бу Сурхондарё вилояти мисолида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Термиз шаҳрининг ҳудудий кенгайиши, аҳоли сони ҳамда сайёҳлар оқимининг кўпайиши жамоат транспорти тизимини замон талабига мослаштиришни тақозо этмоқда. Илгари Термиз шаҳрида жамоат транспортидан бир кунда 50-60 минг нафар атрофида йўловчи фойдаланган бўлса, бугун ушбу кўрсаткич 300 минг нафардан ошиб кетган. Яъни йўловчилар оқими 5-6 баробарга ўсган. Бу эса транспорт воситалари сони, йўналишлар географияси ва хизмат сифатини янада ривожлантиришни талаб этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 16 февралдаги «Жамоат транспорти тизимини ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори замонавий автобуслар харид қилиш, шаҳарларда автобус йўналишларининг янги тармоғини жорий этиш, автоматлаштирилган тўлов тизими ҳамда диспетчерлик хизматини босқичма-босқич йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Жорий 2025 йилда шаҳар ва атроф ҳудудларда бир қатор янги автобус йўналишлари йўлга қўйилди. Бу орқали чекка маҳаллалар туман марказлари билан боғланиб, аҳолининг ишга, мактаб ва даволанишга етиб бориши осонлашди. Шу билан бирга, транспорт воситаларини лицензиялаш ишлари кучайтирилди, қонунийлик ва хавфсизлик таъминланди.
Жамоат транспорти сифати шунчаки йўналишлар сони билан чегараланмайди. Вилоятда экологик тоза, энергия тежамкор замонавий автобуслар харид қилиниб, транспорт парклари босқичма-босқич янгиланмоқда.
–Термиз шаҳрида жамоат транспорти тизимини яхшилаш мақсадида Хитойдан олиб келинган замонавий 35 та янги автобус жамоат транспорти хизмати кўрсатишни янада яхшилашга хизмат қилмоқда, – дейди Сурхондарё вилоят транспорт бошқармаси бошлиғи Илҳом Ибрагимов. –Мазкур автобуслар 3-, 4- ва 7-йўналишларда, яъни “Истиқлол майдони – Манғузор бош бекати”, “Термиз автошоҳбекати – Оромгоҳ бекати” ҳамда “Термиз автошоҳбекати – Манғузор бош бекати” йўналишларида қатновни амалга оширмоқда. Қайд этилишича, мазкур автобусларда 7 ёшгача бўлган болалар учун бепул хизмат кўрсатилади.
Сурхондарё қадимда Буюк ипак йўлининг муҳим чорраҳаларидан бири бўлган. Ғарбу Шарқни ўзаро боғловчи бу ҳудуднинг бугунги кунда ҳам ташқи дунё билан алоқасини мустаҳкамлашда ҳаво транспорти ҳам катта аҳамият касб этмоқда. Ҳозир Термиз халқаро аэропорти орқали маҳаллий ва халқаро йўналишларда ҳафтасига 41 та мунтазам рейс амалга оширилмоқда. Аэропорт инфратузилмасини модернизация қилиш, электр таъминотининг захира манбаларини яратиш ва қутқарув хизматларини кучайтириш ишлари парвозларни хавфсиз амалга оширишга хизмат қилмоқда.
Темир йўл транспортида ҳам хавфсизлик ва рақамлаштириш ишлари изчил олиб борилмоқда. Қумқўрғон–Қудуқли участкасида 83 км масофада замонавий оптик толали алоқа линиялари ётқизилди. Бу орқали темир йўл ҳаракатини назорат қилиш, техник хизмат кўрсатиш ва диспетчерлик ишларини тез ва ишончли тарзда амалга ошириш имкони пайдо бўлди. Жумладан, «Ғалаба» ва «Қумқўрғон» станцияларида техник назорат ускуналари ўрнатилиб, илгари қўриқланмаган темир йўл кесишмалари туну кун навбатчилик асосида қўриқланадиган ҳолатга ўтказилди.
Жорий йил Сурхондарёда йўл хўжалиги соҳасини ривожлантириш борасида ҳам сезиларли ишлар амалга оширилди. Йил бошидан буён 1 трлн 538 млрд сўм маблағ ўзлаштирилиб, 1 262 км йўл реконструкция қилинди ва таъмирдан чиқарилди. Бу ишлар нафақат магистрал йўллар, балки шаҳар кўчалари ва қишлоқ ички йўлларини ҳам қамраб олди. Термиз шаҳри ичида 30,5 км кўча қайта қурилиши тирбандликларни камайтириш ва жамоат транспорти ҳаракатини енгиллаштирди. Ички йўллар, тротуарлар ва ёритиш тизимлари ҳам барпо қилинди, йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминланди.
Осиё Тараққиёт банки иштирокида амалга оширилаётган яна бир лойиҳа вилоятда автотранспорт воситаларининг хавфсиз ҳаракатланиши, саноат, савдо, ишлаб чиқариш ва сайёҳлик фаолияти ривожида янада қулай шароитларни яратмоқда. Ушбу «Дарбанд–Бойсун–Элбаён» ва «Манғузор–Жарқўрғон–Бандихон–Олтинсой–Денов» йўналишларига 72,5 млн доллар инвестиция жалб қилинди. Йўллар 2 тасмали асфальт қопламадан 4 тасмали цемент-бетон қопламага ўтказилмоқда. Бинобарин, цемент-бетон йўллар оғир юкларга чидамли, хизмат муддати узоқ ва эксплуатация харажатлари кам. Қолаверса, маҳаллаларга ҳам халқаро стандартлар кириб келди. Осиё Тараққиёт банки иштирокидаги алоҳида лойиҳа орқали 7,3 млн доллар сармоя билан 50 км ички йўл цемент-бетон қопламага эга бўлди. Бу аҳолига барқарор транспорт хизмати кўрсатиш ҳамда маҳаллий иқтисодий фаолиятни рағбатлантиришда қўл келаётир.
Мухтасар айтганда, таҳлиллар шуни кўрсатадики, Сурхондарё вилоятида транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар ҳам шакллан, ҳам мазмунан уйғунлашган. Йўловчилар оқимининг бир неча баробарга ошишига мос равишда автомобиль йўлларининг юзлаб километри янгиланиши ва халқаро сармоялар жалб этилаётган йирик инфратузилма лойиҳалари аҳолининг кундалик ҳаётида сезиларли ўзгаришлар яратмоқда. Энг муҳими, бу борадаги ишлар вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ривожи, инвестициявий жозибадорлиги ва аҳоли турмуш даражасини оширишда мустаҳкам замин яратмоқда.
Илҳом Раҳматов,
ЎзА