Сурхондарё вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси “9 декабрь – Халқаро коррупцияга қарши курашиш куни” муносабати билан матбуот анжумани ўтказди.
Унда вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тоҳир Тўраев ва бўлим бошлиғи Бекмурод Махматқулов оммавий ахборот воситалари вакилларига коррупциянинг давлат бошқаруви ва жамият ҳаётига салбий таъсири, унга қарши курашишда тизимли ёндашувнинг аҳамияти ҳамда бу борада соҳада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.

Матбуот анжуманида мамлакатимизда коррупциявий хатти-ҳаракатларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар жамиятда очиқлик ва шаффофликни таъминлаб, коррупцион хатарларни бартараф этишга хизмат қилаётгани, коррупцияга қарши курашишнинг замонавий тизимларини қўллаб, бу иллатга олиб келиши мумкин бўлган таҳдид ва хавф-хатарларни баҳолаш коррупцияга чек қўйишда ўз самараларини бераётгани таъкидланди. Шунга мувофиқ шахсий таркибда коррупциявий ҳолатлар ва манфаатлар тўқнашуви, ҳуқуқбузарлик ва қонун бузилишларининг олдини олишга, ҳарбий интизомни мустаҳкамлаб, ходимларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилаётгани қайд этилди.
– Бошқармада коррупциявий ҳолатлар ва манфаатлар тўқнашувига барҳам бериш юзасидан олиб борилаётган кенг қамровли ишлар тизимда очиқлик ва шаффофликни таъминлади, –дейди бўлим бошлиғи Бекмурод Махматқулов. – Жорий йилда бошқарма ва бўлимларда бирорта ҳам коррупцион ҳолат юз бермади. Коррупцияга қарши курашиш йўналишида олиб борилаётган муҳим ташкилий-ҳуқуқий ислоҳотлар, шунингдек, иш самарадорлигини ошириш ва ҳарбий хизматчиларни муносиб рағбатлантириш учун улар фаолиятини баҳолашнинг KPI тизими жорий этилгани ўз натижасини кўрсатмоқда. Бу жараён аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданияти ошиб бораётганини ҳам тасдиқламоқда.

Анжуманда тизимнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган профилактик тадбирлар, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш, келгусидаги режалар ҳақида ҳам атрофлича фикр алмашилди. Таклиф ва тавсиялар билдирилди. Оммавий ахборот воситалари ходимларини қизиқтирган саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА