Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сурхонда экология билимдонлари сараланди

Термиз шаҳрида “Сиз экологияга оид қонунни биласизми?” республика кўрик-танловининг Сурхондарё вилоят босқичи бўлиб ўтди.

Вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган танловда унинг туман ва шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган жамоаларнинг 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган аъзолари иштирок этди.

Ёш авлод онгу шуурида экологик ҳуқуқий онг ва билимларни мустаҳкамлаб, соҳада қонунийликни таъминлаш ҳамда атроф-муҳитга эътиборни кучайтириш мақсадида ташкил этилган танлов қатнашчилари тўртта шарт бўйича ўз билим ва маҳоратларини синовдан ўтказди. Иштирокчиларнинг ҳар бир чиқишини ҳакамлар ҳайъати белгиланган мезонлар асосида баҳолади.

Айни пайтда инсоният сайёрамизда юз бераётган экологик муаммолар туфайли иқлим ўзгариши, биохилма-хилликнинг йўқолиши, атроф-муҳит ифлосланиши каби долзарб масалаларга дуч келмоқда. Мамлакатимизда бу муаммоларнинг ечимини топиш учун атроф-муҳитни муҳофаза қилиб, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолатни яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётир. Шунингдек, инсон саломатлиги ва экологик мувозанатни сақлаш учун табиатдан фойдаланишга қулай шароит яратиш, жонли табиатнинг турлари ва генетик фонди бойлигини, экология тизимлари, ландшафтлар ва ноёб табиат объектлари хилма-хиллигини сақлаб қолиш, экологик хавфсизлигини таъминлаш каби йўналишларда тизимли ишлар олиб борилмоқда. Мазкур танлов ҳам она табиатни асраб-авайлаш йўлида кўзланган мақсадларни амалга оширишга қаратилган бўлиб, у ўғил-қизларни ёшликдан табиатсеварлик руҳида улғайтиришга йўналтирилгани эътиборга моликдир.  

Қизғин лаҳзалар ва баҳс-мунозараларга бой бўлган танлов якунида Денов туманидаги 81-мактабнинг “Eco power” жамоаси фахрли биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Узун туманидаги 23-мактабнинг “Табиат посбонлари” ва учинчи ўрин Шеробод туманидаги 66-мактабнинг “Табиат посбонлари” жамоаларига насиб этди.  

Ғолиблар танлов ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири