Дамашқдаги янги ҳукуматга содиқ Сурия кучлари мамлакат шимоли-ғарбида Асад режими қолдиғи билан шиддатли жанг олиб борди, деб ёзди BBC.
Давлат телевидениеси маълумотига кўра, Латакия вилоятида, Россия назоратидаги авиация базасига яқин жойда юз берган тўқнашувда камида 13 аскар ҳалок бўлган.
Воқеа муносабати билан маълум вақт комендантлик соати эълон қилинди.
АФП ахборот агентлиги Асадга содиқ 28 қуролли шахс ўлдирилгани, ҳукумат кучлари аниқ нишонга ҳужум қилиш учун вертолётдан фойдаланаётганини маълум қилди.
Сурия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби, полковник Ҳасан Абдул Ғани давлат матбуоти орқали собиқ бошқарув тарафдорларини огоҳлантирди.
– Минглаб одам қуролини топшириб, оиласи бағрига қайтишни хоҳлади, баъзилар эса қотил ва жиноятчиларни ҳимоя қилиш учун ҳаётини хавф остига қўймоқда, – деган у. – Танлов аниқ: қуролингизни қўйинг ёки муқаррар тақдирга дуч келинг, - деди у.
Мусулмон Зиё, ЎзА