Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Суперлигада 2-тур якунланди (+видео)

Суперлигада 2-тур учрашувлари якунига етди. Илк турда чиройли ғалабалари билан ўз мухлисларини хурсанд қилган водийнинг 3 грандидан иккитаси 2-турга келибоқ қоқилди. Дастлаб, мухлислар "Қўқон-1912" ва "Пахтакор" жамоалари ўртасидаги ўйин гувоҳи бўлди.

Ушбу ўйиннинг биринчи бўлимида ҳисоб очилмади. Иккинчи бўлим аввалида эса захирадан майдонга тушган Ҳамдамов ҳисобни очди. Бироз ўтиб бошқа бир захирадан майдонга тушган футболчи Пётри Паржишек орадаги фарқни иккитага етказиб қўйди. Фақатгина ўйин тугаши арафасида Тома Табатадзе пенальтидан гол уриб, фарқни қисқартирди ва "шерлар" кетма-кет иккинчи тур ғалабани тантана қилди. 

Куннинг иккинчи баҳсида ҳам худди шу ҳисоб қайд этилди. Бироқ унда фаворит мағлуб бўлди. "Қизилқум" - "Андижон" учрашувининг 35-дақиқасида Жаба Жигаури ҳисобни очган бўлса, 76-дақиқада Александр Андроникашвили мувозанатни тиклади. Орадан бироз вақт ўтиб "Қизилқум" етакчиси Ислом Кенжабоев навоийликларни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Турнинг энг сенсацион натижаларидан бири бу "Навбаҳор"нинг мағлубияти бўлди. Тошкентдаги "Олимпия" стадионида ўтказилган беллашувда наманганликлар "Бухоро"га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Ўйиндаги ягона гол Велко Филипович томонидан киритилди. 

Ноқулай об-ҳаво ва сифатсиз майдонда бўлиб ўтган "Машъал" - "Локомотив" қарама-қаршилигида эса "темирйўлчилар" ишончли тарзда зафар қучди. Биринчи бўлим якунланиши арафасида Анзур Исмоилов ҳамда Қувончбек Абраев томонидан киритилган голлар пойтахт клубига ғалаба келтирди. "Нефтчи" эса "Сурхон" майдонидан 3:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтди. Стипе Перица ўзининг сермаҳсуллиги билан мухлисларни хурсанд қиляпти. У мазкур беллашувда дубль қилган бўлса, яна бир гол Йован Жокич томонидан урилди. 

Турни якунлаб берган 6-март кунги икки беллашувда қисман кутилган натижалар қайд этилди. "Динамо" "Бунёдкор" майдонида 2:1 ҳисобида зафар қучди. Дастлаб, Азизбек Амонов ҳисобни очган бўлса, орадан 6 дақиқа ўтиб Фирдавс Абдураҳмонов орадаги фарқни иккитага етказиб қўйди. Фақатгина баҳс тугаши арафасида Самандар Мавлонқулов орадаги фарқни биттага қисқартирди. 

"Насаф" эса Сўғдиёна"ни 2:0 ҳисобида мағлуб этди. Голлар илк бўлимда Ойбек Рустамов ҳамда Шароф Муҳитдинов томонидан киритилди. Қайд этиш лозим, иккинчи бўлим тугаши арафасида Абдувоҳид Неъматов Люпчо Дориев томонидан тепилган пенальтини қайтарди.

Турнинг сўнгги беллашувида кичик сенсация рўй берди. "Хоразм" ўз майдонида ОКМКни 1:0 ҳисобида таслим этди. Ўйиндаги ягона гол 52-дақиқада Ойбек Ортиқбоев томонидан киритилди.

Иккинчи турдан сўнг "Нефтчи" 6 очко ва 6:0 тўплар нисбати билан биринчи ўринда бораётган бўлса, пойтахт жамоалари "Локомотив" ва "Пахтакор" кейинги ўринларни банд этган. Шунингдек, 6 очкога эга "Насаф" ва "Бухоро" кучли бешликни якунлаб берган.

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/XHrci5bvp_U" title="Superligada 2-tur yakunlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Карим Худойқулов, ЎзА