Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 18-турининг сўнгги кунида “Бухоро” – “Хоразм” ва “Сурхон” – “Бунёдкор” клублари ўзаро баҳслашди. Бухоро спорт мажмуасида ўтказилган “Хоразм” клубига қарши ўтган ўйинда мезбонлар 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. “Сурхон” эса ўз майдонида “Бунёдкор” жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Мазкур ўйинлар якунидан сўнг, миллий чемпионатимизнинг 18-тури ҳам ўз якунига етди. Тур якунига кўра, “Насаф” 37 очко билан мусобақа жадвалида пешқадам сифтаида қолди. Унинг ортидан 36 очко тўплаган “Нефтчи” иккинчи ўринни эгаллади.
Ўтган турлар мобайнида 34 очкодан жамғарган ОКМК ва “Динамо” жамоалари голлар нисбатига кўра 3-4 поғонадан жой олди. “Навбаҳор” ва “Бунёдкор” 31 очкодан жамғариб, мос равишда бешинчи ва олтинчи ўринда бормоқда. “Пахтакор” 30 очко билан еттинчи, “Сурхон” 23 очко билан саккизинчи ўринни эгаллаб турибди.“Қизилқум” (22 очко), “Андижон” (21 очко) ва “Сўғдиёна” (20 очко) клубалри жадвалнинг 9-11 ўринларида бормоқда.
[gallery-24770]
Шунингдек, 11-15- поғоналардан “Хоразм” — 19 очко, “Машъал” ва “Қўқон-1912” — 15 очко, “Бухоро” — 14 очко билан қайд этилган бўлса, энг охирги ўринда 10 очко тўплаган “Шўртан” қолмоқда.
Суперлиганинг ўтган 18 тури мобайнида Игор Сергеев (“Пахтакор”) жами 12 та гол уриб, мусобақа тўпурарлари орасида биринчи ўринда бормоқда. Уни Люпчо Дориев (“Сўғдиёна”) ва Ҳусайн Норчаев (“Насаф”) 9 та гол билан таъқиб қилмоқда. Алишер Одилов (“Нефтчи”) эса 8 та голли узатма қайд этиб, ассистлар орасида карвонбошилик қилаётир.
Ўзбекистон Суперлигаси 19-тур ўйинлари 15–18 август кунлари бўлиб ўтади. Унда қуйидаги баҳсларга гувоҳ бўламиз:
15 август: “Пахтакор” — “Сўғдиёна”;
16 август: “Навбаҳор” — “Нефтчи”, “Динамо” — “ОКМК”, “Насаф” — “Шўртан”;
17 август: “Қўқон-1912” — “Сурхон”, “Машъал” — “Андижон”, “Бунёдкор” — “Бухоро”;
18 август: “Хоразм” — “Қизилқум”.
Жавоҳир Тошхўжаев, Жонибек Қўзимурдов (сурат), ЎзА