
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 4-тури доирасида “Андижон“ –“Машъал“, “Сўғдиёна“ – “Пахтакор“ ва ОКМК – “Динамо“ жамоалари ўзаро рақобатлашди.
“Бобур-арена”да ўтган “Андижон“ ва “Машъал“ жамоалари ўртасидаги ўйин 1:0 ҳисобида якунланган бўлса, “Сўғдиёна“ 2:0 ҳисобида “Пахтакор“ клубидан устун келди. ОКМК ва “Динамо“ жамоалари баҳсида ҳисоб очилмади. “Қизилқум” ва “Хоразм” ўртасидаги учрашув 6 июнь санасига қолдирилди.

Миллий чемпионатимизнинг мазкур туридан сўнг, ОКМК ва “Бунёдкор” 10 очко тўплаган ҳолда жадвалда етакчига айланиб олди. “Насаф” ва “Динамо” эса 8 очко жамғариб, 3-4 ўринларга жойлашди. “Бухоро”, “Хоразм”, “Нефтчи” ҳамда “Андижон” ҳисобидаги очколар сони 6 тага етди ва ушбу клублар 5-8 поғонадан ўрин эгаллади. “Навбаҳор” 5 очко билан жадвалда тўққизинчи ўринда бормоқда.

Шунингдек, “Сўғдиёна”, “Пахтакор”, “Қизилқум”, “Сурхон”, “Машъал”, “Қўқон-1912” бир хил уч очкога эга чиққан ҳолда 10-15-ўринларга жойлашган бўлса, “Шўртан” 1 очко билан сўнгги ўринда қолмоқда. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, “Хоразм” ва “Қизилқум” қолган жамоаларга нисбатан 1 та ўйин кам ўтказган.
Ўтган 4 тур давомида “Бунёдкор” жамоаси аъзоси Луиз Качорри 4 та гол урган ҳолда тўпурарлар рўйхатида биринчи бўлиб турибди. Унинг ортидан Люпчо Дориев (“Сўғдиёна”) ва Зора Марушич (“Нефтчи”) 3 тадан гол урган ҳолда бормоқда.

Суперлига баҳсларининг 4-турида энг кўп мухлис “Нефтчи” ва “Навбаҳор” ўртасидаги ўйинга ташриф буюрди. Ушбу "водий дербиси"ни кузатиш учун Фарғонадаги “Истиқлол” стадионига 14 минг 552 нафар мухлис ташриф буюрди.
Мамлакат биринчилигининг бешинчи тур учрашувлари 11-13 апрель кунлари бўлиб ўтади. Унда қуйидаги баҳслар ўтказилади:
11 апрель:
“Навбаҳор” – “Шўртан”;
“Машъал” – “Нефтчи”;
12 апрель:
“Бунёдкор” – “Қизилқум”;
“Қўқон-1912” – “Бухоро”;
“Динамо” – “Сўғдиёна”;
13 апрель:
“Насаф” – “Сурхон”;
“Хоразм” – “ОКМК”;
“Пахтакор” – “Андижон”.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА