Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 28-турини "Сурхон" ва "Шўртан" жамоалари баҳси якунлаб берди. Мазкур ўйинда мезбонлар 1:0 ҳисобида зафар қучди.
Шу тариқа, кутилмаган натижаларга бой ўтган мазкур турда "Нефтчи" 61 очко билан пешқадамлигини янада мустаҳкамлаб олди. "Насаф" эса кутилмаган мағлубиятдан сўнг, 58 очко билан иккинчи ўринда қолди. “Нефтчи” келгуси турда 3 очкони қўлга кирита олса, миллий чемпионатимиз якунланишига битта тур қолганда мусобақа ғолибига айланади.

28-тур якунига кўра, "Пахтакор" 56 очко билан учинчи поғонада қолди. Ўз ҳисобида битта захира ўйини бўлган "Динамо" 53 очко тўплаб тўртинчи бўлди. "Бунёдкор" эса 46 очко жамғариб, кучли бешликни якунламоқда. ОКМК очколарини 44 тага етказган бўлса, "Навбахор" 38, "Сўғдиёна" 37, "Қизилқум" 35, "Сурхон" 31 очко билан 6-10 ўринда қайд этилди. Шунингдек, 11-16 поғоналарда "Қўқон-1912", "Машъал", "Андижон", "Бухоро", "Хоразм" ҳамда "Шўртан" жой олган.

Ўтган 28 тур мобайнида рақиб дарвозасига 18 та гол урган Игорь Сергеев ("Пахтакор") тўпурарлар рўйхатида карвонбошилик қилмоқда. Ҳисобида 16 та гол бўлган Люпчо Дориев ("Сўғдиёна") иккинчи, Ҳусайн Норчаев эса ("Насаф") 14 та гол урган ҳолда учинчи ўринда бормоқда.

Суперлигада ФИФА кунлари сабабли қисқа муддатли танаффус эълон қилинади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, чемпионатимизнинг 29- тури 19-22 ноябрь кунлари бўлиб ўтади. Унда қуйидаги баҳсларга гувоҳ бўламиз.

19 ноябрь: "Шўртан" — "Бухоро";
20 ноябрь: "Сурхон" — ОКМК, "Пахтакор" — "Насаф";
21 ноябрь: "Машъал" — "Навбахор", "Динамо" — "Қўқон-1912", "Андижон" — "Хоразм";
22 ноябрь: "Сўғдиёна" — "Бунёдкор", "Нефтчи" — "Қизилқум".
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА