Ўзбекистон Суперлигасининг 10-тур баҳслари кутилмаган натижалар билан якунланди. Турнинг марказий учрашувларидан бири Олмалиқда ОКМК ва “Нефтчи” ўртасида бўлиб ўтди. Ўйин 2:2 ҳисобида дуранг билан тугади. Бу натижадан сўнг ОКМК 23 очко билан турнир жадвалида биринчи ўринда қолмоқда. “Нефтчи” эса 16 очко билан 5-ўринга кўтарилди.
Қўқонда “Насаф” 2:0 ҳисобида “Қўқон-1912” устидан ғалаба қозонди. Қарши шаҳри бош жамоаси очколарини 22 тага етказиб, 2-ўринга чиқди. “Қўқон-1912” эса 12 очко билан 9-поғонада қолди.
Тошкентдаги “Жар” стадионида “Бухоро” ва “Динамо” 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. “Динамо” 19 очко билан кучли учликни якунлади. “Бухоро” эса 7 очко билан 15-ўринда бормоқда.

“Бунёдкор” ўз майдонида “Навбаҳор”га 2:3 ҳисобида ютқазди. “Навбаҳор” 17 очко билан 4-ўринга кўтарилган бўлса, “Бунёдкор” 16 очко билан 6-поғонага тушди.
“Пахтакор” эса “Қизилқум” майдонида йирик – 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. “Шерлар” очколарини 15 тага етказиб, 7-ўринга чиқди. “Қизилқум” 11 очко билан 11-ўринга тушиб кетди.
Термизда “Сурхон” 2:1 ҳисобида “Сўғдиёна”ни мағлуб этди. Натижада “Сурхон” 13 очко билан 8-ўринни эгаллади, “Сўғдиёна” эса 8 очко билан 14-поғонада қолди.

“Хоразм” клуби “Машъал” устидан 3:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Иккала жамоа ҳам 11 очкога эга бўлиб, мос равишда 10 ва 12-ўринларда жойлашди.
Ғузордаги “Марказий” стадионда “Шўртан” ўз майдонида “Андижон”ни 1:0 ҳисобида мағлуб этди. Бу ғалаба жамоанинг мавсумдаги илк зафари бўлди, бироқ “Шўртан” ҳали ҳам 5 очко билан охирги – 16-ўринда қолмоқда. “Андижон” эса 9 очко билан 13-поғонага тушди.
Шу тариқа, кутилмаган натижаларга бой ўтган 10-тур учрашувларидан сўнг тўпурарлар рўйхатида Игор Сергеев (“Пахаткор”) 8 та гол билан карвонбошилик қилаётган бўлса, Хуршид Ғиёсов (ОКМК) 6 та гол билан иккинчи ўринда бормоқда. Люпчо Дориев (“Сўғдиёна”) эса 5 та гол уриб уларни таъқиб қилмоқда.

Суперлига баҳсларининг 11-тур учаршувлари 23-26 май кунлари бўлиб ўтади. Унда қуйидаги ўйинлар ўтказилади:
— 23 май: “Насаф” – ОКМК, “Андижон” – “Сурхон”;
— 24 май: “Сўғдиёна” – “Бухоро”, “Нефтчи” – “Шўртан” ;
— 25 май: “Навбаҳор” – “Қўқон-1912”, “Пахтакор” – “Хоразм”, “Динамо” – “Қизилқум”;
— 26 май: “Машъал” – “Бунёдкор”.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА