Сунъий интеллект ҳали ҳаётимизни тўлиқ эгалламасиданоқ унинг атрофида турли баҳс ва мунозаралар, тортишувлар юзага келган эди. Ёрқин умидлар билан бирга турли хавотирлар ўртага ташланганига қарамасдан сунъий интеллект ХХI асрнинг стратегик ресурсига айланиб улгурди. У иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, таълим, бошқарув, ахборот коммуникациялари, хавфсизлик каби соҳаларнинг асосий трансформация омилларидан бири сифатида намоён бўлмоқда. Шу боис кўплаб давлатлар сунъий интеллект соҳасида етакчиликни қўлга киритиш учун фундаментал илмий тадқиқотлар, кадрлар тайёрлаш, рақамли инфратузилма яратиш ва халқаро ҳамкорликни кучайтиришга катта эътибор қаратмоқда.
2021 йилда Президентимизнинг “Сунъий интеллект технологияларини тез жорий этиш шароитларини яратиш чоралари тўғрисида”ги фармони имзоланган бўлса, 2024 йилда “Сунъий интеллектни 2030 гача ривожлантириш стратегияси” тасдиқланди. 2025 йилнинг 7 апрелида давлатимиз раҳбари глобал миқёсда Сунъий интеллектдан фойдаланиш ахлоқий тамойилларини белгиловчи модел қонун (Model law) ишлаб чиқишни таклифини илгари сурди.
Мазкур чора-тадбирлар самараси ўлароқ, 2026-2027 ўқув йилидан бошлаб таълим тизимида, хусусан умумтаълим мактабларида информатика фанининг ўқув дастурларига сунъий интеллект мавзулари босқичма-босқич жорий этилади. Олий таълим муассасаларида эса сунъий интеллект бўйича янги лабораториялар ташкил этилиб, “СИ кластер”лари фаолияти йўлга қўйилади.
Тиббиёт соҳасида сунъий интеллект асосида ишловчи диагностика тизимларини жорий этиш режалаштирилмоқда. Жумладан, тиббий тасвирлар – рентген, компьютер томографияси ва магнит-резонанс томографияси орқали касалликларни аниқлаш ҳамда таҳлил қилиш имкониятлари кенгайтирилади.
Транспорт ва инфратузилма йўналишида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳаракат йўналишларини мониторинг қилиш ҳамда автоматлаштирилган бошқарув тизимларини жорий этишда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш кўзда тутилмоқда.
Давлат бошқаруви ва давлат хизматлари соҳасида интерактив хизматлар кўламини кенгайтириш, онлайн консультациялар, маълумотлар базаларини интеграция қилиш, рақамли идентификация ҳамда комплекс электрон хизматларни такомиллаштириш бўйича изчил ишлар амалга оширилади.
Шунингдек, тадқиқот ва илмий инфратузилмаларни ривожлантириш мақсадида янги лабораториялар ва маълумотларни қайта ишлаш марказлари ташкил этиш, “Big Data” базаларини шакллантириш ҳамда миллий сунъий интеллект моделларини яратиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
2024 йилда Ўзбекистон ва Корея Республикаси давлат раҳбарлари “технология ва инновациялар”га асосланган янги стратегик шериклик тўғрисида келишувга эришди. Ушбу ҳамкорлик доирасида илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишлари (R&D), сунъий интеллект, рақамли трансформация ҳамда юқори технологиялар устувор йўналишлар сифатида белгиланди.
Шунингдек, яримўтказгичлар, кимё саноати, автомобилсозлик, “ақлли” қишлоқ хўжалиги, инфратузилма ва шаҳарсозлик соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштириш кўзда тутилмоқда. Яримўтказгичлар соҳасида глобал етакчи ҳисобланган Корея Ўзбекистон билан ҳамкорликда минтақада илк бор тўлиқ илмий-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этишни режалаштирмоқда.
Корея грантлари асосида Ўзбекистон статистика тизимини модернизация қилиш, хусусан сунъий интеллект асосида ишловчи телефон сўровлари тизими (CATI)ни жорий этиш режалаштирилган. Шу билан бирга, интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш мақсадида Корея сунъий интеллектга асосланган патент ва товар белгиларини бошқариш тизимини етказиб беради. Бу ташаббус технологик ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқий инфратузилмани янгилашда муҳим қадам бўлади.
Молиявий тизим ва давлат молиявий бошқаруви соҳасида эса сунъий интеллект асосида харид ва тендер жараёнлари, давлат харажатлари, бюджет бошқаруви ҳамда молиявий амалиётларни автоматлаштириш ва рақамли трансформация қилиш назарда тутилмоқда.
Шу орқали Ўзбекистон саноатини модернизация қилиш, юқори қўшилган қийматга эга ишлаб чиқариш занжирларини шакллантириш – хомашёдан қайта ишлашгача, кейинчалик яримўтказгич, кимё ва автомобил маҳсулотларини ишлаб чиқаришгача бўлган босқичларни қамраб олиш мақсад қилинган.
Бундай ҳамкорлик “рақамли иқтисодиёт”га тўлиқ ўтиш, давлат бошқаруви ва молиявий тизимларни модернизация қилиш, шаффофликни оширишга хизмат қилади. Шунингдек, R&D, ахборот технологиялари, сунъий интеллект ва таълим соҳаларида тажриба ҳамда билим алмашишни жадаллаштириб, технологик трансфер ва юқори малакали кадрлар тайёрлашга замин яратади. Бу эса узоқ муддатда Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал миқёсдаги технологик марказ сифатида шаклланишига хизмат қилади.
Асосий мақсад – 2030 йилга келиб сунъий интеллект соҳасида дунёдаги етакчи 50 та давлат қаторига кириш, давлат хизматлари самарадорлигини ошириш ҳамда бюрократик жараёнларни кескин қисқартиришдан иборат. Шу билан бирга, сунъий интеллект саноатини ривожлантириш орқали иқтисодиёт ва хизматлар сифатини юксалтириш, янги технологик инфратузилма ва иш ўринларини яратиш, рақобатбардош, рақамли ва технологик жиҳатдан мустақил “рақамли давлатчилик”ка ўтиш устувор вазифа этиб белгиланган.
Ана шу мақсадлар ижроси доирасида Корея Республикасининг Сеул шаҳрида “Global AI Talent & Education Forum 2025” бўлиб ўтди. Форум сунъий интеллектни глобал таълим тизимига интеграция қилиш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, халқаро ҳамкорлик ва билимлар алмашинувини кенгайтириш масалаларига бағишланди.
Мазкур халқаро анжуман Ўзбекистоннинг глобал илмий ҳамжамиятга интеграциялашуви, қўшма тадқиқотлар ва илмий ҳамкорликни кенгайтириш йўлидаги муҳим босқич сифатида баҳоланди. Айни пайтда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш жараёнида юзага келаётган ҳуқуқий ва ижтимоий масалалар – этика, хавфсизлик, инсон ҳуқуқлари, алгоритмик адолат, меҳнат бозори ва маълумотлар махфийлиги масалалари ҳам иштирокчилар томонидан атрофлича муҳокама қилинди.
Форум доирасида Навоий давлат университетининг сунъий интеллект соҳасидаги илмий-тадқиқот салоҳияти тақдим этилди. Жумладан, мавжуд илмий мактаблар, IT Park билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳалар, Навоий вилояти корхоналари билан рақамли трансформация йўналишидаги ишлар, шунингдек, ёш тадқиқотчилар учун ташкил этилган илмий лабораториялар кореялик ҳамкорларда катта қизиқиш уйғотди. Вилоятнинг инновацион инфратузилмаси, саноат кластерлари, тоғ-кон ва металлургия корхоналари ҳамда рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ташаббуслар тақдимоти натижасида янги ҳамкорлик истиқболлари шаклланди.
Форум доирасида Кореянинг қатор олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари юзасидан музокаралар ўтказилди. Сунъий интеллект ва компьютер инжиниринги йўналишларида қўшма бакалавриат ва магистратура дастурларини йўлга қўйиш, профессор-ўқитувчилар алмашинуви, қўшма лабораториялар ташкил этиш ҳамда навоийлик талабаларнинг Корея марказларида стажировка ўташ имкониятлари муҳокама қилинди.
Муҳокамалар натижасида Навоий давлат университети учун сунъий интеллект асосидаги таълим моделини жорий этиш бўйича қатор методологик тавсиялар ишлаб чиқилди. Хусусан, адаптив ўқув тизимлари, маълумотлар таҳлили орқали таълим сифатини ошириш, ўқитувчилар юкламасини оптималлаштириш каби ёндашувларни ахборот технологиялари, техника, иқтисодиёт ва педагогика йўналишларида татбиқ этиш мақсадга мувофиқ деб топилди.
Форум якунларига кўра, Навоий давлат университети ҳамда Кореянинг нуфузли Бучеон ва Ҳонам университетлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди. Шунингдек, Ажоу университети билан 2+2 ва 3+1 форматдаги қўшма таълим дастурлари, IT, сунъий интеллект, дастурий инжиниринг, энергетика, мехатроника ва материалшунослик йўналишларида ҳамкорлик қилиш бўйича келишувларга эришилди. Бу навоийлик ёшларга халқаро стандартларга мос таълим олиш имкониятини яратади.
Энг муҳими, Корея тажрибаси асосида Навоий давлат университети ҳузурида Сунъий интеллект маркази, Робототехника лабораторияси ҳамда Smart Manufacturing марказини ташкил этиш, шунингдек, вилоят корхоналарида сунъий интеллект асосидаги мониторинг, хавфсизлик ва самарадорликни оширишга қаратилган рақамли бошқарув ечимларини жорий этиш режалаштирилмоқда.
Зеро, форумнинг асосий ғояси сунъий интеллект даврида инсон капиталини ривожлантириш, таълим тизимини замонавий ёндашувлар асосида модернизация қилиш ва халқаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш бўлиб, бу Навоий давлат университетининг стратегик мақсадлари билан тўлиқ ҳамоҳангдир.
Мухиддин Калонов,
Навоий давлат университети ректори,
иқтисод фанлари доктори, профессор.
ЎзА