Технология шиддат билан ривожланаётган ҳозирги даврда сунъий интеллект (AI) инсоният ҳаётининг, деярли, барча жабҳасига кириб борди. Авваллари фақат фантастик фильмларда учрайдиган тушунча энди беморга ташхис қўя олади, суд жараёнида ҳуқуқий ҳужжатни таҳлил қилади, ҳатто, санъат асари яратишга ҳам қодир. Шу билан бирга технология тараққиёти жуда кўп ахлоқий ва ҳуқуқий саволларни ҳам юзага чиқармоқда.
Масалан, агар сунъий интеллект нотўғри қарор қабул қилса, бунга ким айбдор? Дастурчими, фойдаланувчими ёки AI мустақил тизим сифатида жавобгарми? Умуман, инсоният ҳозир – “машиналар даври” бошланишидан олдин шундай қурилмаларни тўғри бошқаришга тайёрми?
Бу масала шунчаки техник муаммо эмас, балки инсоний қадрият, ахлоқий тамойил ва ҳуқуқий меъёр билан боғлиқ жиҳат. Зеро, ҳар қандай янги технология, хусусан сунъий онг турмушни енгиллаштириш баробарида инсоннинг масъулиятини ҳам оширади. Бугун нафақат олимлар, балки сиёсатчи, ҳуқуқшунос, журналистлар ва кенг жамоатчилик шу ҳақда ўйлашга мажбур.
Европа Иттифоқи минтақаси, АҚШ, Япония каби давлатларда AI фаолиятини тартибга солувчи махсус қонунлар ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, “AI act” лойиҳаси орқали кўҳна қитъа сунъий идрокдан фойдаланишда хавфсизлик, шаффофлик ва жавобгарлик тамойилини ҳуқуқий асосда мустаҳкамлашни мақсад қилган. Айни жараён Ўзбекистон учун ҳам долзарб, чунки мамлакатимизда 2021 йил “Сунъий интеллектни ривожлантириш стратегияси” қабул қилиниб, соҳада дастлабки қадамлар қўйилди.
Ушбу ҳужжатда техник имкониятга урғу берилган-у, ахлоқий ва ҳуқуқий жиҳатлар етарли даражада таҳлил қилинмагандек. Аслида, бу икки жиҳат технология тараққиётининг “кўринмас юзи”. Агар шу масала эътибордан четда қолса, инсон ҳуқуқи, шахсий маълумот махфийлиги ёки ижтимоий тенглик каби тамойиллар хавф остида қолади.
Демак, сунъий интеллект фақат алгоритм, код ва дастур йиғиндисигина эмас, жамиятнинг ахлоқий, маданий ва ҳуқуқий тизими билан чамбарчас боғлиқ мураккаб ҳодиса. Шу боис “сунъий интеллектнинг ахлоқий ва ҳуқуқий муаммоси”ни муҳокама этиш бугун нафақат илм-фан, балки жамиятнинг барқарор келажаги учун ҳам муҳим мавзуга айланган.
Инсон ва машина ўртасидаги чегара
Сунъий интеллект – инсон томонидан яратилган, аста-секин мустақил фикрлашга яқин қобилият намоён этаётган тизим. Яъни, бу ҳақда гап кетганда, “Қандай ишлайди?” эмас, “Қарори ахлоқан тўғрими?” деган савол тобора долзарблик касб этмоқда.
Бугун инсоният ўзининг энг буюк ихтироси билан ахлоқий тўқнашув ёқасида турибди. Агар робот судья айбни исботласа, қарор адолатли бўладими? Ёки тиббий алгоритм нотўғри ташхис қўйса, бемор ҳаёти учун ким масъул?
Машина ахлоқини ким белгилайди?
Инсон ҳар бир қарорини ахлоқий қадриятга таянган ҳолда қабул қилади: яхши-ёмон, адолатли-адолатсиз, фойдали-зарарли. Сунъий интеллект эса бундай қадриятни математика ёрдамида ўрганади. Афсуски, ахлоқ рақам билан ўлчанмайди.
Масалан, мухтор автомобиль (ҳайдовчисиз машина) икки танлов – бир томонда пиёда, ёнда тўсиқ олдида қолса, қайси йўлни танлайди? Алгоритм “имкон даражасида зарарни камайтириш”га уринар, лекин бу қарор ахлоқий жиҳатдан инсон қадриятига мос келадими? Шу каби саволлар бугун нафақат муҳандислар, балки файласуфлар ва ҳуқуқшунослар ўртасида ҳам энг мураккаб мавзуга айланган.
Ахборот тарафкашлиги: алгоритм ҳам холис бўла оладими?
Кўпчилик сунъий интеллектни “холис” ҳисоблайди. Аслида, машина инсон яратган маълумотга таянади. Агар ўша ахборот жамиятдаги гендер, ирқ, ижтимоий табақа кўринишидаги тарафкашликни акс эттирса, алгоритм ҳам шундай қарор чиқаради.
Масалан, айрим Европа компанияларида ишга қабул қилишда қўлланадиган AI тизими эркак номзодни афзал кўрган. Сабаби, ўша тизим илгари фақат эркаклар ҳақидаги маълумот билан “ўқитилган” экан. Демак, сунъий идрок ҳам инсон каби онг ости тарафкашлигини такрорлайди. Шундан сўнг Европа Комиссияси 2019 йил қуйидаги уч тамойилга асосланган “Этик сунъий интеллект тамойили”ни эълон қилди:
Адолат (Fairness) – алгоритм ҳар ким учун тенг имкониятни таъминлаши керак.
Шаффофлик (Transparency) – тизим қандай қарорга келганини тушунтира олиши лозим.
Жавобгарлик (Accountability) – қарор учун масъул шахс ёки ташкилот аниқ бўлиши шарт.
Бу тамойиллар ҳозир бутун дунё бўйлаб муҳокама қилинаётган “AI этикаси” концепциясиг асос бўлиб хизмат қилмоқда.
Машиналар даври: инсон ўрнига ким жавоб беради?
Технология тараққиёти билан бирга “жавобгарлик” тушунчаси ҳам мураккаблашмоқда. Ахир, қарор қабул қилувчи тизим инсон эмас, машина.
Агар робот жарроҳ операция вақтида хатога йўл қўйса, суд кимни жавобгар қилади? Дастурчиними? Клиниканими? Ёки сунъий интеллектни “субъект” сифатида тан оладими?
2017 йил Европа парламенти “электрон шахс” тушунчасини муҳокамага қўйди. Яъни, келажакда айрим AI тизимлари ўз ҳаракати учун чекланган ҳуқуқий масъулиятга эга бўлиши мумкин. Бинобарин, ушбу ғоя айрим саволларни келтириб чиқарди. Масалан, машина “шахс” бўлса, “инсон” билан тенг ҳуқуқлими?
Кўплаб мутахассислар бунга қарши чиқиб, сунъий интеллектда ахлоқий онг йўқлиги, фақат дастурланган мақсадни бажаришини таъкидлаган. Бундан келиб чиқадики, жавобгарлик ҳамон инсон зиммасида қолмоқда.
Машина устидан инсон назорати – энг муҳим тамойил
Бугунги кунда энг муҳим этик тамойил сифатида “Инсон назорати остидаги AI” концепцияси илгари сурилмоқда. Бунинг маъноси шуки, сунъий интеллект ҳеч қачон инсоннинг асосий қарор қабул қилиш ваколатини тўлиқ эгалламаслиги керак. Машина ёрдамчи бўлиши мумкин, лекин қарор учун жавобгарлик ҳар доим инсон зиммасида қолади. Бу тамойил тиббиётдан тортиб, суд тизимигача барча соҳаларда AI қўлланишининг асосий мезони бўлиши зарур. Зеро, технология хатога йўл қўйганда, темирни “кечириш” ёки “тузатиш” имкони фақат инсонда.
Ҳуқуқий муаммо: жавобгарлик ва тартибга солиш зарурати
Сунъий интеллектнинг техник имконияти чексиз, аммо ҳуқуқий майдони ҳали жуда тор. Инсоният роботни яратди, бироқ қандай бошқариш, жавобгарликка тортиш масаласи бўйича ҳали якдил фикрга келгани йўқ.
Ҳуқуқий бўшлиқ: қонун ҳамон ортда
Ҳақиқат шуки, технология қонундан тез ривожланмоқда. Кўплаб давлатларда сунъий интеллектдан фойдаланиш, фаолиятни тартибга солиш ёки назорат қилиш бўйича аниқ қонуний асос ҳали яратилмаган. Масалан, ҳайдовчисиз автомобиль учун суғурта кимга тўланади? Машина эгасигами, ишлаб чиқарувчигами ёки алгоритмни яратган дастурчигами? Бундай саволлар бугун АҚШ, Германия, Япония ва бошқа технология тараққий этган давлатларда ҳам долзарб. Ҳуқуқшунослар айни ҳолатни “регулятор бўшлиқ” (regulatory gap) деб аташади. Яъни, технология бор, қурилмани бошқарадиган меъёр йўқ.
Европа тажрибаси: AI act – биринчи глобал ҳуқуқий модел
Европа Иттифоқи бу борада энг фаол ҳаракат қилаётган минтақа. 2021 йил Брюсселда “AI act” – Сунъий интеллект тўғрисидаги қонун лойиҳаси тақдим этилди. Шу тариқа илк бор сунъий интеллект фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишга қаратилган йирик ҳужжат кучга кирди.
“AI act” қуйидаги тамойилларни белгилайди:
– Хавф даражасига асосланган ёндашув: ҳар бир AI тизими “хавфли”, “ўртача хавфли” ёки “энг кам хавфли” тоифага ажратилади;
– Масъул ишлаб чиқувчи ва фойдаланувчи: ҳар бир AI маҳсулотни яратган, фойдаланаётган ва назорат қиладиган шахс аниқ кўрсатилади;
– Шаффофлик талаби: масалан, чатбот ёки виртуал ёрдамчи билан суҳбатлашаётган фойдаланувчи AI билан мулоқот қилаётганини билиши керак.
Шу модел кейинчалик бошқа давлатларга ҳам намуна бўлиши кутиляпти. Бинобарин, сунъий интеллект энди фақат технология воситаси эмас, жамиятнинг ҳуқуқий тизимига кириб келаётган жараён.
Ўзбекистонда ҳам айни йўналишда дастлабки ҳуқуқий қадамлар қўйилган. 2021 йил июнь ойида Президент фармони билан “Сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш стратегияси” тасдиқланди. Техник ва илмий ривожланишга асосланган бўлса-да, мазкур ҳужжатда ҳуқуқий механизм яратиш зарурати ҳам белгилаб берилган.
Шахсий маълумот ва махфийлик: ХХI асрнинг янги “олтини”
Сунъий интеллект ишлаши учун энг керакли манба – маълумот. Табиийки, бундай ахборот инсон ҳақидаги шахсий, молиявий, тиббий ва ижтимоий маълумотни бирлаштиради. Демак, “маълумот кимники?” деган савол ҳам бугунги кунда ҳуқуқий муаммога айланган. Европада бу масала “General Data Protection Regulation” (GDPR) орқали ҳал қилинади. Яъни, ҳар бир фуқаро ўз маълумотини ким, қачон ва қандай мақсадда ишлатаётганини билишга ҳақли. Ўзбекистон ҳам 2020 йилдан бошлаб “Шахсий маълумотлар тўғрисида”ги қонунни жорий этган. Айни пайт ушбу ҳужжатга AI тизимига хос алгоритмик шаффофлик ва автоматлаштирилган қарорлар бўйича қўшимча меъёр киритиш эҳтиёжи бор.
Нега бу масала шунчалик муҳим? Сабаби оддий: сунъий интеллект қабул қилган қарор инсон ҳаётига бевосита таъсир кўрсатади. Масалан, кредит бериш, ишга қабул қилиш, суд жараёнидаги таҳлил ёки тиббий ташхис қўйиш ҳолатларида AI “адолат” тамойилига амал қилмаса, бу оддий одамга нисбатан жиддий ноҳақликдир. Шунинг учун ҳам сунъий интеллектни тартибга солиш технологияни чеклаш эмас, балки қурилмани инсон қадриятига мослаштириш демакдир.
Хулоса қилиб айтганда, инсоният тараққиётининг янги босқичини бошлаб берган сунъий интеллектнинг ахлоқий ва ҳуқуқий оқибати ҳали тўлиқ англашилмаган. Технология инсон ҳаётини енгиллаштираётган бир пайтда, ахлоқий масъулият, адолат ва махфийлик тамойиллари қайта кўриб чиқилиши тақозо қилиняпти. Демак, келажакда соҳани ривожлантиришнинг энг тўғри йўли сунъий интеллектни инсон қадрияти, ҳуқуқий меъёр ва ижтимоий адолат тамойили билан уйғунлаштиришдир.
Мусулмон Зиё, ЎзА