Пойтахтимизда Президентимизнинг 2025 йил 19 июндаги тегишли фармони ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 33 йиллиги муносабати билан Судьялар олий кенгаши ташаббуси билан судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларидан иборат тўққиз жамоа ўртасида шахмат мусобақаси ташкил этилди.
Мусобақа регламентига мувофиқ, судьялар, прокуратура, ички ишлар, Давлат хавфсизлик хизмати, Миллий гвардия, солиқ, Давлат божхона хизмати органлари ходимлари ҳамда адвокатлар жамоавий рапид йўналиши бўйича FIDE қоидалари асосида рақобатлашди. Беллашувлар швейцарча тизимда 7 турдан иборат бўлиб, ҳар бир партия учун 10 дақиқа ва ҳар юришга 2 сониядан қўшимча вақт берилди.


Жамоавий натижаларга кўра, ДХХ жамоаси ғолибликни қўлга киритди. Ички ишлар органлари жамоаси иккинчи ўринни, Адвокатлар палатаси жамоаси эса учинчи ўринни эгаллади. Шахсий натижаларда Ички ишлар органи вакили Шербек Хуррамов мусобақа ғолиби бўлди. Нодира Нодиржонова (ДХХ) иккинчи, Тимур Мустафин (ДХХ) эса учинчи ўринни эгаллади.

Мусобақа якунларига кўра, Суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Сенат мутасаддилари томонидан ғолиб ва совриндорлар тантанали равишда кубок, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА