Одил судлов тизимини ислоҳ қилиш давлат сиёсатининг энг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Президентимиз томонидан жорий йил 21 августда имзоланган “Одил судлов соҳасида юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ана шу йўналишдаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари – иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси Иброҳим Алимов фармоннинг аҳамияти ва ижроси билан боғлиқ масалалар ҳақида муносабат билдирди:
– Замонавий жамиятда адолат нафақат ахлоқий меъёр, балки жамият барқарорлиги ва тараққиётининг асосий таянчи ҳисобланади. Ушбу олий қадрият нафақат инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шу билан бирга, ижтимоий-сиёсий ҳаётимизда ижтимоий тенглик ва иқтисодий тараққиётни таъминлашда муҳим ўрин тутади.

Яъни, адолатсиз жамиятда ишонч йўқолади, коррупция авж олади ва тараққиёт тўхтайди. Бу эса, ҳар бир инсон манфаатларига таҳдид солади. Шу боис, адолатни амалга оширувчи одил судьяларни тайёрлаш жамият ҳаётида марказий ўрин эгаллайди.
“Cудьянинг онгида – адолат, тилида – ҳақиқат, дилида – поклик бўлиши керак”, деб таъкидлаган Президентимизнинг сўзлари адолатнинг пойдеворини мустаҳкамлашга қаратилган ислоҳотларнинг туб негизини ташкил этади.
Фармон суд тизимини замонавий стандартларга мослаштириш, судьяларнинг касбий тайёргарлигини кучайтириш ва фуқароларнинг адолатга эришишини таъминлашга қаратилган. Унда белгиланган чора-тадбирлар судларда ишларни кўриб чиқиш сифатини ошириш, коррупцияга қарши курашиш ва жамиятда ишонч муҳитини яратишга хизмат қилади.
Фармонга мувофиқ, суд-ҳуқуқ соҳасида малакали кадрлар тайёрлашнинг янги тизими жорий этилди. Судьялар олий мактаби Одил судлов академиясига айлантирилиб, унда таълим жараёни устоз-шогирд анъанаси асосида “бўлажак судьяни судья ўқитади” тамойилига мувофиқ ташкил этилди.
Фармондаги энг муҳим янгиликлардан бири – бу судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш Академиянинг олти ойлик касбий қайта тайёрлаш курсларида амалга оширилади. Бу курслар қонунчиликни қўллаш кўникмасининг амалиёт билан узвий боғлиқлигини таъминлаган ҳолда “назария – амалиёт – имитация” тамойили асосида дуал таълим шаклида ташкил этилади.
Академияда малака оширишнинг янгича услублари, яъни беш йил муддатга тайинланган судьялар – ҳар икки йилда икки ҳафтадан кам бўлмаган, ўн йил муддатга тайинланган судьялар – ҳар уч йилда икки ҳафтадан кам бўлмаган, Олий суд судьялари, суд раислари ва раис ўринбосарлари, шунингдек, муддатсиз даврга тайинланган судьялар – ҳар уч йилда бир ҳафтадан кам бўлмаган, фаолият самарадорлиги рейтингининг паст кўрсаткичларига эга судьялар – навбатдан ташқари икки ҳафтадан кам бўлмаган ҳамда суд аппарати ходимлари – ҳар икки йилда бир ҳафтадан кам бўлмаган малака ошириш курсларида ўқитилиши тизими жорий этилди.
Бу судьяларнинг доимий равишда касбий кўникмаларини мунтазам равишда оширилишини таъминлайди.
Айтиб ўтиш керакки, суд тизимида гендер тенгликни таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида Ўзбекистон 2024 йилда 11,9 баллга ўсиб, Топ-5 ислоҳотчи мамлакатлар қаторига кирди.
Жумладан, Тошкент шаҳар судининг иқтисодий судлов ҳайъати 2 нафар аёл ходими ҳам психология, чет тиллари ва суд ихтисослиги бўйича тест синовлари ҳамда идоралараро комиссия томонидан ўтказиладиган ёзма имтиҳон ва суҳбатдан иборат танловдан муваффақиятли ўтиб, Академиянинг касбий қайта тайёрлаш курсларига илк қалдирғочлар сифатида қабул қилинди.
Таъкидлаш жоизки, глобаллашув ва рақамли замонда судьялар нафақат ҳуқуқий билимларни эгаллаши, балки янги технологияларни ўзлаштириши, қўллай олиши, сунъий интеллект ва бошқа инновацион ечимлардан фойдалана олиши, халқаро даражада инсон ҳуқуқлари, иқтисодий муносабатларни ҳам чуқур ўрганиши керак.
Фармонда белгиланган чоралар шу каби илғор тажрибаларни ҳамда судьялар корпусини шакллантиришнинг замонавий талабларини ҳисобга олган ҳолда рақамлаштириш ва халқаро ҳамкорликни жорий этиш орқали Академиянинг глобал стандартларга мослашишига хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, фармон суд тизими учун замонавий, юқори малакали ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини халқаро стандартлар асосида янада такомиллаштириш, таълим, илм-фан ва амалиёт узвийлигини таъминлаш орқали профессионал судьялар корпусини шакллантиришга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА