
Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши томонидан Жиззах вилоятида судьялар ва уларнинг оила аъзолари билан учрашув ўтказилди.
Тадбирда мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар, судьяларнинг хизмат мавқеидан шахсий манфаатлари йўлида фойдаланмасликлари, улар одоб-ахлоқ меъёрларига қатъий риоя қилишлари, одил судловнинг обрўсига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари лозимлиги таъкидланди.
[gallery-22620]
Бу борада Президентимиз томонидан судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, тизимда коррупцион омилларни бартараф этишга қаратилган қатор ҳужжатлар қабул қилинганлиги, жорий йилнинг 5 март куни Юртбошимиз раислигида ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишидан кейин Олий суд раиси Б.Исломовнинг судьялар ва суд ходимларига йўллаган мурожааатида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш кераклиги таъкидлангани ҳам суд тизимида коррупцияга мутлақо ўрин йўқлиги, унга қарши барча бирдек ягона куч бўлиб ҳаракат қилиши зарурлигини кўрсатади.
Тадбирда вилоят суди фахрийлар кенгаши раиси Митанбой Равшанов, вилоят судининг судьяси Қаҳрамон Холмуродов сўзга чиқиб, суд тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, судьялар учун етарли имкониятлар, ижтимоий кафолатлар яратилганлиги, уларнинг коррупция, таъмагирлик каби иллатларга қўл урмаслиги, бунинг учун эса, энг аввало, судьялар оила аъзоларининг ўрни муҳимлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА мухбирлари