
Президент ташаббуслари – амалда
Статистикага кўра, ҳар йили судларда бир миллионга яқин низосиз ишлар кўрилмоқда. Айтайлик, ўтган йили фуқаролик судларида коммунал қарздорлик бўйича икки юз мингга яқин шундай иш кўрилган. Соҳа мутахассислари бу ишларни, аслида, нотариусда ҳам ҳал қилса бўлишини таъкидлайди.
Президент Шавкат Мирзиёев 27 февраль куни суд фаолиятини янада яхшилаш, очиқлик ва рақамлаштириш даражасини ошириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказган йиғилишда мана шу каби ҳолатларга ҳам эътибор қаратди.
Йиғилишда низосиз ишларни кўриб чиқишни тегишли идораларга ўтказиш таклифи ҳам билдирилган эди. Бу ҳақдаги фикрларни қуйироқда давом эттирамиз. Ҳозир мамлакатимизда соҳа ривожи йўлида қилинаётган ишларга кенгроқ тўхталамиз.
Адолатли суд тизими жамият барқарорлиги ва фуқаролар ишончини таъминловчи асосий омиллардан бири ҳисобланади. Суд фаолиятини яхшилаш, очиқликни таъминлаш ва рақамлаштириш даражасини ошириш нафақат фуқаролар учун, балки давлатнинг тараққиёти учун ҳам муҳим аҳамиятга эга.
Мамлакатимизда қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлайдиган бу соҳани ҳар томонлама такомиллаштириш йўлида тизимли ишлар қилинмоқда. Хусусан, кейинги саккиз йилда судларга доир етмишга яқин ҳужжат – қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди. Суд идораларининг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. Эътиборли жиҳати, аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданияти ҳам ошиб бормоқда.
Ислоҳотлар натижаси аниқ рақамлар ва эришилган ютуқларда яққол кўринади. Бугунги кунда судга ариза бериш, суд ишининг ҳолатини кузатиш, суд ҳужжатларидан электрон нусха олиш каби ўн тўртта хизмат рақамлаштирилди. Олий суднинг махсус порталида хизматлар ва ундан фойдаланувчилар сони кўпайиб бораётганини ҳам қайд этиш лозим. Шу пайтгача ўн етти миллионга яқин суд иши ахборот тизимлари орқали юритилган. Шунингдек, ўн олти миллионга яқин иш судьяларга инсон омилисиз тақсимланган. Ўтган йилнинг ноябрь ойидан бошлаб, судларнинг ички ҳужжатлар айланмаси тўлиқ электрон шаклга ўтказилди. Натижада қисқа даврда давлат бюджетидан ажратиладиган талайгина сумма иқтисод қилинган.

Давлатимиз раҳбари соҳани такомиллаштиришга доир бу каби ишларни изчил давом эттириш, судлар фаолияти самарадорлигини ошириш кераклигини алоҳида таъкидлади. Хусусан, йиғилишда суд муҳокамасининг тахминий натижаси ва кетадиган харажатларни олдиндан аниқлаб бериш, ҳуқуқий ёрдам бўйича виртуал маслаҳатчини яратиш, тайинланган жарималарни онлайн кузатиш ва электрон шаклда тўлаш каби имкониятлар одамларга катта қулайлик яратиши қайд этилди. Президент сунъий интеллектдан фойдаланиб, бу каби кўплаб янгиликларни жорий этиш мумкинлигига эътибор қаратган эди.
– Давлатимиз раҳбари ўтказган йиғилишда суд фаолиятини рақамлаштириш даражасини оширишга қаратилган топшириқлар берган эди, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий суди бошқарма бошлиғи Жасур Умаров. – Топшириққа кўра, суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан бутунлай воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси амалга оширилади. Бунинг учун Олий суд ҳузурида Ахборот технологиялари маркази ташкил этилади. У судларга зарур бўлган ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотлар яратиш, сунъий интеллектни жорий этиш ҳамда ахборот хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланади. Тадбиркорлик субъектлари билан судлар ўртасида электрон маълумот алмашиш йўлга қўйилади. Судлар ва барча алоқадор ташкилотларнинг ахборот тизимлари интеграцияси қилинади. Бу судларга ҳам, фуқароларга ҳам қулайликлар яратади. Ушбу чора-тадбирлар натижасида ишларни кўриб чиқиш тезкорлиги ошади.
Президент судьялар малакаси, жумладан, ахборот технологиялари бўйича билимини ошириш, ёш кадрларни шу жиҳатлардан етук этиб тайёрлаш зарурлигини ҳам алоҳида таъкидлади. Бу борада масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Рақамлаштириш жараёнлари орқали суд ишлари тезкорлик билан кўриб чиқилади. Бу эса фуқароларнинг судларда сарфлайдиган вақтини тежайди ва ортиқча бюрократик тўсиқларни камайтиради. Масофадан туриб суд жараёнларида иштирок этиш ва ҳужжатлар алмашинувини автоматлаштириш орқали самарадорлик сезиларли даражада ошади.
Бу жараёнлар жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга ҳам ҳисса қўшади. Одамлар ўз ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида кўпроқ маълумотга эга бўлишади. Бу эса жамиятда ҳуқуқий муносабатларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА мухбири