Суд экспертлари одил судловни амалга оширишда, адолатни қарор топтиришда муҳим вакил ҳисобланади. Шу боис уларнинг ҳуқуқларини, мақомини, молиявий мустақиллигини мустаҳкамлаш долзарб аҳамиятга эга.
Шу мақсадда ишлаб чиқилган “Суд-экспертлик фаолияти тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан нодавлат суд экспертларининг ҳуқуқий мақоми белгиланмоқда. Илмий фаолият билан шуғулланувчи муассаса (ташкилот)ларнинг ўз фаолият йўналиши бўйича суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишига рухсат бериш назарда тутиляпти.
Шунингдек, адвокатнинг сўровига асосан ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига мувофиқ шартнома асосида давлат ва нодавлат суд экспертлари томонидан тадқиқотлар ўтказиш ва экспертлик фикрини бериш тартиблари белгиланмоқда.

Қонунчилик палатаси мажлисида мазкур қонун лойиҳаси кўриб чиқилар экан, депутат Даврон Арипов лойиҳани такомиллаштириш жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Қайд этилганидек, қонун лойиҳаси депутатлар томонидан берилган таклифлардан келиб чиқиб, суд-экспертлик фаолиятини амалга оширишда касбий сирни сақлаш принципи билан тўлдирилди. Асосий тушунчалар қисмидаги айрим тушунчалар чиқариб ташланди, айрим тушунчалар эса киритилди.
Шунингдек, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Эксперт-малака комиссиясининг нодавлат суд экспертлари қонуний фаолиятига тўсқинлик қилиши ёки аралашиши тақиқланиши назарда тутилган норма билан бойитилди.

Бундан ташқари, суд экспертизасини тўхтатиб туриш асослари ва муддатларини қонун даражасида аниқ белгилаш мақсадида алоҳида “Суд экспертизаси ўтказишни тўхтатиб туриш асослари ва муддатлари” номли модда билан тўлдирилди.
Қайд этилганидек, процессуал қонунчиликда адвокат сўровига асосан қўшимча ва қайта суд экспертизасини ўтказишга нисбатан чекловлар назарда тутилмагани сабабли қонун лойиҳасидан адвокатларга нисбатан мавжуд чекловлар чиқариб ташланди. Шунингдек, қонунчилик ҳужжатларида рухсат этилган ҳолларда хорижий давлатларнинг суд-экспертлик тузилмалари ҳамда уларнинг суд экспертлари Ўзбекистон Республикасида фаолият кўрсатиши мумкинлиги тўғрисидаги норма киритилди.
Таъкидланганидек, қонун лойиҳасидаги нормалар суд экспертлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга, экспертиза хулосаларининг ишончлилигини янада оширишга ва одил судловни таъминлашга хизмат қилади.
Қонун лойиҳаси бўйича ўртага ташланган саволларга батафсил жавоб берилди. Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси қабул қилиниб, Сенатга юборилди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА