Жиззахда икки кун давомида Экология вазирлиги ҳузуридаги Ўрмон ва яшил ҳудудларни кўпайтириш, чўлланишга қарши курашиш агентлиги ташаббуси билан ташкил этилган ҳайъат йиғилиши мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан келган ўрмончилик мутахассислари, агентлик раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакилларини бирлаштирди.
Ҳайъат йиғилишида Ўрмон агентлиги директори Эркин Муҳиддинов сўзга чиқиб, жорий йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар, тизимдаги муаммолар ва уларни бартараф этиш йўллари, давлат ўрмон хўжаликлари фаолиятини танқидий таҳлил қилиш ва ҳар бир соҳада амалий ечимларни ишлаб чиқиш муҳимлигини таъкидлади.
Агентлик раҳбарининг биринчи ўринбосари Ғофуржон Қаршибоев Жиззах вилоятида аниқланган камчиликлар ва уларга қарши кўрилаётган чоралар ҳақида батафсил маълумот берди.
Тадбирда сўнгги йилларда ўрмон хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда стратегик вазифалар ва уларнинг амалга оширилиши юзасидан ҳам фикрлар алмашилди.

Президентимиз ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида 2025–2030 йилларга мўлжалланган дастурлар ўз амалий кўринишини топмоқда. Ушбу дастурларга 1,5 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмон барпо қилиш, 919 минг туп ниҳол экиш, доривор ва зиравор ўсимликлар етиштириш, “терасса” усулидаги ўрмонзорлар яратиш каби вазифалар киради. Бу режалар ўрмон хўжалигининг янги босқичга кўтарилишига асос бўлмоқда.
Жиззахда амалга оширилаётган ишлар тадбир иштирокчилари томонидан юқори баҳоланди. Жиззах давлат ўрмон хўжалигида 3 миллионга яқин кўчат парваришламоқда.“Янги Ўзбекистон боғи” каби ташаббуслар ҳаётга татбиқ этилаётгани алоҳида таъкидланди. Зомин давлат ўрмон хўжалигида сўнгги тўрт йилда минг гектардан зиёд майдонда ўрмон яратилган, табиий муҳит ва ноёб ўсимликлар, ҳайвонлар учун сақланиб келинаётган муҳитга алоҳида эътибор берилмоқда.
Ҳайъат йиғилишида рақамлаштириш жараёнлари ҳам катта аҳамият касб этди. “Smart Forestry” ахборот тизими орқали ўрмон хўжалигида мониторинг, таҳлил ва шаффоф электрон хизматларни жорий этиш мақсад қилинган. Бу тизим коррупция хавфини камайтириш, ер ресурсларини аниқ баҳолаш ва онлайн савдони ривожлантириш имконини беради. Шунингдек, “Яшил тўлов” электрон тизими орқали ижара ва тўловлар автоматлаштирилаётгани ҳам қайд этилди.
Йиғилишнинг жонли тарзда ўтказилиши ва ўзаро тажриба алмашиш имконияти мутахассислар томонидан юқори баҳоланди. – Тадбирнинг жонли тарзда ўтганлиги ўрмончилик соҳасини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Воҳадаги Жиззах, Бахмал, Ғаллаорол ва Зомин давлат ўрмон хўжаликларидаги ютуқлар ўрганишга арзийди, шу жумладан садақайрағоч дарахти навининг яратилиши ҳам Қашқадарёда жорий этиладиган янги лойиҳалардан бир бўлади, – дейди Қашқадарё давлат ўрмон хўжалиги директори ўринбосари Раъно Бозорова.

– Жиззахдаги йиғилиш алоҳида ёдда қоларли бўлди деб ўйлайман, – дейди Андижон давлат ўрмон хўжалиги директори ўринбосари Сарварбек Тўхтасинов. – Айниқса, Зомин тумани қир-адирларда томчилатиб суғориш усули билан барпо этилган ўрмонзорларни мисол қилиб келтириш мумкин. Ушбу тажрибани Андижонда ҳам қўллашни режа қилдик.
– Томчилатиб суғориш тизимига давлат томонидан 30 миллиард сўмлик ёрдам ажратилди, шу орқали 130 гектар майдонда 48 минг туп шарқ туяси арчаси ва 100 гектарда 40 минг туп мевали дарахт кўчатлари экилди, – дейди Зомин давлат ўрмон хўжалиги директори Абдуқодир Саримсоқов. – Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимлик, воҳамиздаги барча туманлар ва ҳатто баъзи қўшни вилоятлар ҳам ушбу хайрли ишимизни фаол қўллаб-қувватлагани алоҳида таҳсинга лойиқ.
Йиғилиш иштирокчилари туризм салоҳиятини ошириш йўналишидаги имкониятлар билан ҳам танишди. Суффа палатосидаги “Дор йўли”, “Шишали кўприк” каби обектлар Ўрмон хўжаликларининг туризмни ривожлантиришдаги имкониятларини кўрсатди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Жиззахда ўтказилган ҳайъат йиғилиши Ўзбекистон ўрмончилик тизимидаги ислоҳотларни амалий баҳолаш ва ривожланиш устувор йўналишларини белгилашда муҳим босқич бўлди. Ҳар бир ҳудуддаги ишларнинг самарадорлиги таҳлил қилинди, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик барқарорликни таъминлаш йўлидаги вазифалар аниқланди.
Шу тариқа, Жиззахнинг қир-адирлари ва ўзининг барча имкониятлари билан нафақат маҳаллий, балки бутун мамлакатнинг яшил келажаги учун намуна бўлиб хизмат қилмоқда. Инсон меҳнати ва замонавий технологиялар ёрдамида барпо этилаётган ўрмонзорлар — бу Ўзбекистоннинг табиий бойликларини асраш ва ривожлантириш йўлидаги муҳим қадамлардан биридир.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири