Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган "WТТ Youth Contender Tashkent – 2025" халқаро стол тенниси турнири ўз якунига етди. Мусобақанинг сўнгги кунида U–19 ва U–15 ёш тоифаларида ғолиб ва совриндор спортчилар аниқланди.
U–19 ёш тоифасида қизлар ўртасидаги финал баҳсида ўзаро рақобат қилган ўзбекистонлик спортчилар — Асел Эркебоева ва Аружан Камолова баҳс олиб борди. Ушбу дербида Аружан Камолова 3:1 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир ғолибига айланди. Асел Эркебоева эса кумуш медаль билан тақдирланди.

Йигитлар ўртасидаги беллашувларда эса Диёрбек Дилшодов муносиб иштирок этиб, бронза медалини қўлга киритди.

15 ёшгача бўлганлар тоифасида терма жамоамиз вакили Аделина Ҳасанова финалгача етиб борди ва кумуш медаль соҳибасига айланди.

Мусобақа давомида беллашувларни Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Стол тенниси федерацияси раҳбарияти кузатиб борди. Якунда улар ғолиб ва совриндорларни тантанали тарзда тақдирлаш маросимида иштирок этди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА