Стандартлаштириш бўйича техник қўмиталар — глобал бозорга интеграциялашувнинг стратегик омили
Бугунги глобаллашув даврида Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш жараёнида техник тўсиқларни бартараф этиш миллий иқтисодиётнинг устувор вазифасига айланди. ЖСТнинг Савдодаги техник тўсиқлар (TBT) келишуви стандартлаштиришнинг шаффофлиги ва халқаро уйғунлигини талаб этади. Бугунги кунда халқаро стандартлар шунчаки техник ҳужжат эмас, балки глобал бозорда "ўйин қоидалари"ни белгиловчи стратегик воситадир. ISO/IEC Guide 59 тамойилларига кўра, стандартлаштириш жараёнида иштирок этмаслик ўзгалар томонидан белгиланган ва баъзан миллий манфаатларга зид бўлган қоидаларни қабул қилишга мажбур бўлиш демакдир. Ўзбекистон учун техник қўмиталар фаолиятини трансформация қилиш иқтисодий суверенитетни мустаҳкамлашнинг асосий шартидир.

Техник қўмиталарнинг икки томонлама функциясини тушуниш муҳим аҳамият касб этади. Экспортни рағбатлантириш борасида, миллий экспертларнинг ISO қўмиталарида иштирок этиши маҳаллий маҳсулотларнинг техник хусусиятларини халқаро стандарт лойиҳаларига киритиш имконини беради. Бу “Made in Uzbekistan” белгиси остидаги маҳсулотларнинг хорижий бозорларга тўсиқсиз киришини таъминлайди.
Ички бозорни ҳимоя қилиш борасида эса, кучли техник қўмиталар илмий асосланган миллий талаблар ва техник регламентлар орқали ички бозорни сифатсиз, арзон ва хавфли импорт маҳсулотларидан ҳимоя қилувчи “интеллектуал қалқон” вазифасини ўтайди.
“Ойна қўмита” (Mirror Committee) — миллий даражада маълум бир халқаро техник қўмитанинг (масалан, ISO/TC 67 ёки IEC/TC 82) фаолиятини мониторинг қилувчи ва миллий позицияни шакллантирувчи экспертлар гуруҳи.
Юртимизда стандартлар фондини ЖСТ талабларига мослаштириш бўйича 15 та техник қўмита томонидан 3087 та стандарт тўлиқ таҳлил қилинди. Натижада, стандартларнинг 39,6 фоизи (1224 таси) халқаро талабларга жавоб бермаслиги сабабли бекор қилиниши белгиланди. Бу жараёнда айниқса, ахборот технологиялари (90 фоиз) ва электротехника (89 фоиз) соҳаларида эскирган норматив ҳужжатлардан воз кечиш кўрсаткичи энг юқори бўлди.
Ҳозирги даврда ISO тизимида Ўзбекистон Республикаси номидан 63 та халқаро техник қўмитада тўлақонли аъзо (P-member) сифатида овоз бериш ҳуқуқи қўлга киритилди. Шунингдек, 267 та қўмитада кузатувчи (О-member) мақомида фаолият юритилмоқда.
IEC тизимида 4 та стратегик муҳим техник қўмитада (ТС 14 “Куч трансформаторлари”, ТС 20 “Электр кабеллари”, ТС 61 “Маиший электр асбоблари хавфсизлиги”, ТС 82 “Қуёш фотоэлектрик энергия тизимлари”) миллий экспертларимиз тўлақонли аъзо сифатида халқаро стандартларни ишлаб чиқиш ва овоз бериш жараёнларида иштирок этмоқда. 63 та халқаро қўмитада Ўзбекистон овоз бериш ҳуқуқига эга. Демак, биз энди стандартни шунчаки қабул қилмаймиз, балки унинг тақдирини белгилаймиз.
Давлатлараро (МГС) ва халқаро (ISO, IEC) қўмиталарда 200 дан ортиқ миллий экспертларимизнинг жалб этилиши "интеллектуал экспорт"нинг илк босқичидир.
Стандартлаштириш жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида tris.uz миллий ахборот тизими ишга туширилиб, барча ТҚ масъул котибларига халқаро тизимлар билан интеграциялашган ҳолда ишлаш имконияти яратилди.
Хитойнинг 781 та ва Туркиянинг 174 та қўмитадаги тўлақонли аъзолиги фонида, Ўзбекистоннинг кўрсаткичи қисқа вақтда 63 тага чиққани шуни англатадики, Ўзбекистон стандартлаштириш соҳасида “кузатувчи”ликдан “қарор қабул қилувчи” давлатга ўтиш суръатини тезлаштирмоқда.
Ўзбекистон учун техник қўмиталар шунчаки техник орган эмас, балки глобал бозорда миллий манфаатларни ҳимоя қилувчи ва миллий маҳсулотларни дунёга олиб чиқувчи стратегик қалқондир.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, 2025 йил ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг 63 та халқаро ТҚдаги тўлақонли аъзолиги (P-member) тизимли ривожланиш бошланганини кўрсатади. Бироқ экспорт салоҳиятини ошириш учун нафақат аъзо бўлишимиз, балки стратегик соҳаларда (масалан, мева-сабзавот, нефт-газ, электротехника) Котибият (Secretariat) мақомини қўлга киритишга интилишимиз шарт.
Умид Шожалилов,
Ўзбекистон стандартлар институти
Техник тўсиқларни бартараф этиш ва
техник қўмиталар бўйича директор ўринбосари