Янги тарихимизда илк бор ўтказилиши режалаштирилаётган “Президент Олимпиадаси” мамлакат спорт ҳаётида муҳим воқеага айланиши кутилмоқда. Бу мусобақа нафақат ёш спортчилар салоҳиятини намойиш этиш, балки уларда ватанпарварлик, ирода ва ғалаба учун интилиш туйғусини мустаҳкамлашни мақсад қилган.
Шу мақсадда бугун Спорт вазирлигида вазир Адҳам Икромов иштирокида “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларини юқори савияда ўтказиш борасида кенгайтирилган йиғилиш бўлиб ўтди.


Йиғилиш давомида "Олимпия шаҳарчаси" ҳамда белгиланган спорт иншоотларида ташкил этиладиган мусобақаларда спортчилар учун зарур шарт-шароитларни яратиш, ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан белгиланган йўналишлар бўйича ишларни уюшқоқлик билан ташкил этиш, овқатланиш, логистика масалаларига жиддий эътибор қаратиш, хавфсизлик чораларини кўриш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Шу билан бирга, мусобақаларга жалб қилинадиган ҳакамлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлашга жиддий эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда “Президент Олимпиадаси” спорт мусобақаларини юқори даражада ташкил этиш юзасидан масъулларга аниқ кўрсатмалар берилди.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА