Мамлакатимизда спорт федерациялари фаолиятини кучайтириб, натижадор спорт турлари географиясини кенгайтириш ҳамда терма жамоалар учун мақсадли ўқув-машғулотларини ташкил этиш борасидаги ёндашувлар ўз самарасини бермоқда.
Давлатимиз раҳбари 18 август куни Тошкент шаҳридаги Олимпия шаҳарчасининг маъмурий биносида ҳам бўлиб, бу ердаги инфратузилмадан самарали фойдаланиш борасидаги тақдимот билан танишди.
Майдони 100 гектардан зиёд бўлган Олимпия шаҳарчасида 5 та асосий спорт мажмуаси – ўн икки минг ўринли стадион, велодром, сув спорти саройи, яккакурашлар ва жамоавий ўйинлар мажмуалари қурилди. Шаҳарчада Спорт вазирлиги, Антидопинг агентлиги, Давлат спорт академияси, Жисмоний тарбия илмий-тадқиқотлар институти, Спорт турларини ривожлантириш маркази ҳам жойлаштирилган.
Мазкур ҳудудда халқаро даражадаги мусобақалар ўтказилади, мамлакатимиз терма жамоаларининг ўқув-машғулотлари ташкил этилади. Бу ерда юртдошларимизнинг ҳам спорт билан шуғулланиши учун имкониятлар яратилган.
Президент тақдимотда спорт соҳасини рақамлаштириш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ва режалаштирилаётган лойиҳалар билан танишди. “Рақамли ҳукумат” орқали интеграция қилиш жараёнлари, спортчиларнинг машғулотлар ўтказишида Face ID тизимининг аҳамияти каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Давлатимиз раҳбари спорт фаолиятини кучайтириш, халқаро ҳамкорликлар учун имкониятлар яратиш ҳамда Олимпия шаҳарчасида аниқ мақсадга йўналтирилган ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш бўйича кўрсатмалар берди.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/svESdCNQyzU?si=fYze-OX6DJtm0WOW" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдулазиз РУСТАМОВ,
ЎзА