Кундалик ҳаётимизда спортнинг ўрни беқиёс. У инсон саломатлигини мустаҳкамлаш билан бирга, ижтимоий ҳаётда дўстлик, ҳамкорлик, рақобат ва ўз-ўзини ривожлантириш руҳини шакллантиради.
Ҳозир юртимизда имконияти чекланган инсонлар учун ҳам спорт орқали янги имкониятлар яратилмоқда. Айниқса, адаптив спорт соҳасида эришилаётган ютуқлар бунга яққол мисолдир.
Бўстонлиқ тумани Ёшлик маҳалласида яшовчи Феруза Муслимова ана шундай спорт орқали ҳаётини ўзгартирган инсонлардан. У бугун ўзининг иродаси, сабр-тоқати ва тиришқоқлиги билан кўплаб ногиронлиги бор шахсларга намуна бўлиб келмоқда.

Феруза опа 16 ёшида кўз нуридан айрила бошлаган. Ортда эса бир неча оғир муолажалар, уч марта бажарилган жарроҳлик амалиётлари, тушкунлик ва ёлғизлик. Ҳаётга бўлган ишончини деярли йўқотган онларда унга қўл узатганлар маҳалла фаоллари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази ходимлари бўлди. Улар Феруза опани спортга йўналтирди. Ана шу дақиқадан бошлаб унинг ҳаёт саҳифаси ўзгача ёзила бошлади.
– Авваллари ўзимни жамиятдан йироқ ҳис қилардим. Уйдан чиқмай ўтирардим. Лекин спорт ҳаётимни буткул ўзгартирди, – дейди Ф. Муслимова.

Ҳозирда у Бўстонлиқ туманидаги Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида пара енгил атлетика бўйича шуғулланмоқда. Унинг машғулотларига Олий тоифали спорт устаси, моҳир мураббий Шерзод Турғунов раҳбарлик қилади. Унинг айтишича, Феруза опанинг ҳаракати, матонати ва иродаси бошқаларга ҳам куч-ишонч бағишламоқда. Бугунги кунда Бўстонлиқ туманида пара енгил атлетика билан шуғулланаётганлар сони 36 нафарни ташкил этиб, улар 9 та гуруҳга бўлинган.
Муҳими, туман бу борада вилоятдаги фаол ҳудудлардан биридир. Хусусан, Тошкент вилоятида 178 та гуруҳда 806 нафар спортчи ва 107 нафар малакали мураббий фаолият олиб бормоқда. Бу эса ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга спорт орқали янги ҳаёт эшикларини очмоқда.
Феруза Муслимованинг сабр-тоқати, меҳнати ва ижтимоий ёрдам туфайли эришилган ютуқлари кўплаб юртдошларимизга умид, ишонч ва руҳ бағишлаши шубҳасиз.
А.Мусаев, ЎзА.