Жорий йил мамлакатимиз бўйлаб кенг аҳоли вакилларидан, мактаб ўқувчиларидан, ишчи ходимлардан ихтиёрий равишда “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари қабул қилиниши белгиланган.
Спорт вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Нурбек Саломовнинг маълум қилишича, спорт синовларининг қабул қилиниши асносида умумий ўрта таълим мактаб ўқувчиларининг тана массаси индекси таҳлилини ўтказиш ишлари йўлга қўйилади.
“Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовлари 7-17 ёшдаги умумтаълим мактаб ўқувчиларидан жорий йилнинг апрель-май ойларида қабул қилинади. Спорт синовларини қабул қилиш жараёнида мамлакатимиздаги мавжуд 10 минг 134 та умумий ўрта таълим мактабларида таҳсил олаётган 6,5 миллион нафар ўқувчи бепул тиббий кўрикка жалб этилиши баркамол авлод вакилларининг саломатлигини ҳар жиҳатдан муҳофаза қилишга хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.
Маълумот учун, олий таълим муассасаларининг 18 ёшдан 29 ёшгача бўлган талабалари “Жисмоний тайёргарлик даражаси” спорт синовларини май-июнь ойларида топширса, 30-70 ёш ва ундан катта ёшдаги маҳалла аҳолиси август-сентябрь ойларида мазкур саломатлик тадбири билан қамраб олинади.Октябрь-ноябрда эса давлат органлари ва ташкилотлари ходимларининг саломатлик даражаси спорт синовлари орқали назоратдан ўтказилади.
Т.Рўзиев, ЎзА