
Гулистон шаҳридаги Ёшлар марказида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Саъдулла Ҳакимов хотирасига бағишлаб "Сўз қадрини баланд тутган шоир" номли маънавий-маърифий тадбир ўтказилди. Тадбирда ижодкорлар, кенг жамоатчилик, оммавий ахборот воситалари вакиллари, институт профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлар иштирок этишди.
Тадбирни Гулистон давлат педагогика институти профессори, филология фанлари доктори Элмурод Насруллаев олиб борди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимов шундай тадбирлар аҳамиятини таъкидлар экан, давлатимиз раҳбари томонидан марҳумларни хотирлаш, устозларни қадрлаш ва улар ижодини кенг тарғиб қилишга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида айтиб ўтди.
Шоир Саъдулла Ҳакимовнинг қизи Фотима Толипова ўз отаси ҳақидаги хотиралари билан ўртоқлашди. Унинг айтишича, Саъдулла Ҳакимов нафақат меҳрибон ота, балки фарзандларига нисбатан талабчан бўлиб, уларнинг ўқишларини доимо назорат қилиб, яхши ўқиганида рағбатлантирган ва ўқишга бепарволик қилганида танбеҳ берган.

Шоирнинг синфдоши Шакар Темиров унинг зийраклиги ва китобхонлиги ҳақида сўзлаб, Саъдулла Ҳакимнинг ёшлигидан китобларга бўлган катта меҳрини, синфдаги барча болаларни китоб ўқишга ундашини айтиб ўтди. "Биз битирган йили туманимиздаги 79-мактабнинг барча битирувчилари – синфимиздаги ўғил болаларнинг ҳаммаси олий ўқув даргоҳларига ўқишга кирганди," – деди у.
Тадбирда Гулистон давлат педагогика институти ректори Ж. Каршибаев ва филология фанлари доктори, профессор Ихтиёр Эрматов Саъдулла Ҳакимовнинг ижоди ҳақида маъруза қилди. Улар шоирнинг жамиятдаги ўрни, унинг ижодий мероси ва ўзбек адабиётига қўшган ҳиссасига алоҳида эътибор қаратишди.

Тадбир ниҳоясида Гулистон давлат педагогика институти талабалари томонидан Саъдулла Ҳакимов ижодига бағишлаб тайёрланган шеърий композиция намойиш этилди. Шунингдек, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, халқаро Аҳмад Яссавий мукофоти совриндори Бахтиёр Холхўжаев томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар йиғилганлар қалбида чуқур таассурот қолдирди.

Ғулом Примов, ЎзА мухбири