Сурхондарё вилояти Сариосиё туманида тошни қонунга зид равишда ташиётган ҳайдовчи қўлга тушди. Бу ҳаракати билан у атроф-муҳитга жиддий зарар етказгани аниқланди.
Сариосиё тумани экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бўлими ходимлари Тўлқин Ҳайитовни (Исм-шариф ўзгартирилди) тоғлар этагидаги сойда ўзининг юк машинасига тош ортиб, манзилга отланганида ҳуқуқбузарликнинг олдини олди.
Мамлакатимизда табиий ресурслар, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси умумхалқ бойлиги сифатида белгиланган. Уларни талон-тарож қилиш эмас, аксинча, асраб-авайлаш ҳар биримиз учун муқаддас бурч саналади. Табиат бойликларини ноқонуний ўзлаштиришга ҳаракат қилган шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Вилоят экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасидан маълум қилишларича, Тўлқин Ҳайитовнинг ўйламай сойдаги табиий ресурсга чанг солгани ҳам қимматга тушди. Назоратчилар ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 70-моддаси 1-қисми бўйича тегишли ҳужжат расмийлаштириб, 4 миллион 120 минг сўм жарима жазоси қўллади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири