Бухоро шаҳридаги “Умид” спорт мажмуасида футбол бўйича “Вилоят ҳокими соврини” учун ташкил этилган ўртоқлик учрашуви юқори руҳда бўлиб ўтди. Унда Бухоро давлат университетининг “БухДУ” ҳамда Пешку туманининг “Қорақалпоқ” жамоаси ўзаро куч синашди.
Учрашувнинг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди. Пенальтилар сериясида БухДУ футболчилари устунликка эришиб, ғалабани қўлга киритди. Натижада “Вилоят ҳокими соврини” доирасида 50 миллион сўмлик пул мукофоти ғолиб жамоага топширилди.
Мазкур беллашув вилоятда футболни ривожлантириш, иқтидорли футболчиларни аниқлаш ва спортга бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилди. “Умид” стадионидаги ушбу ўйин футбол ишқибозлари учун ҳақиқий спорт байрамига айланди.
[gallery-26847]
– Бу ғалаба жамоамиз учун жуда катта аҳамиятга эга. Майдонда ҳар бир ўйинчи бор кучини бериб ҳаракат қилди. Бундай мусобақалар футболчилар учун катта тажриба мактаби ҳисобланади. Шу муносабат билан давлат раҳбари спортни қўллаб-қувватлаётгани ва футболга юксак эътибор қаратаётгани учун жамоамиз номидан самимий миннатдорлик билдираман. Бу ишонч бизга янги ютуқлар сари илҳом бағишлайди, – дейди “БухДУ” футбол жамоаси аъзоси Диёp Каримов.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.