Миллий матбуот марказида Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан лифтларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, қабул қилинаётган ҳужжатлар юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.
Қайд этилганидек, Вазирлар Маҳкамасининг “Лифтларнинг хавфсизлиги тўғрисидаги техник регламентни тасдиқлаш ҳақида”ги, “Лифтларни техник кўрикдан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ҳамда “Мувофиқликни баҳолаш идораларини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарорлари қабул қилинди.
Мазкур қарорлар билан лифтларни лойиҳалаш, ўрнатиш ва ундан хавфсиз фойдаланишда иқтисодий операторларнинг масъулияти ва жавобгарлигини белгилаш, “Бозор назорати” тизимини жорий этиш назарда тутилмоқда. Лифтлар мувофиқлигини тасдиқлаш “модуль” тизими асосида ўтказилиши ва маҳсулот хавфидан келиб чиқиб, уни тизимли ва босқичли баҳолаб бориш механизмлари тартибга солинади.
[gallery-24370]
Шунингдек, лифтларнинг мувофиқлигини баҳолашда эскирган техник талаблардан воз кечилиб, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган баҳолаш тизими яратилмоқда.
Ушбу қарорларда лифт ва лифт хавфсизлик қурилмаларини лойиҳалашдан бошлаб, ўрнатиш ва ундан хавфсиз фойдаланишда иқтисодий операторларнинг масъулияти ва жавобгарлиги белгиланмоқда.
Барчамизга маълумки, сўнгги йилларда лифтларнинг сифати ва хавфсизлиги билан боғлиқ 4 та бахтсиз ҳодиса юз берди. Ушбу ҳолатлар бир қанча омиллар билан боғлиқ бўлиб, амалдаги қонунчилик билан лифтларни ўрнатиш, мувофиқлигини баҳолаш, ўрнатилган лифтларнинг техник кўриклари ва сервис хизматини амалга ошириш ҳамда бозор иштирокчиларига талаблар белгиланмаган эди.
Матбуот анжуманида билдирилишича, сўнгги 2 йилдаги таҳлиллар республикада ўрнатилган 11,4 мингта лифтларнинг 8,9 мингтаси (78 фоиз) техник синовдан ўтказилмагани, 6 мингтасида (52 фоиз) техник паспорт мавжуд эмаслиги ҳамда 7,4 мингтасида (65 фоиз) техник хизмат кўрсатувчи мавжуд эмаслигини кўрсатди. Лифтларнинг хавфсизлигини таъминлаш соҳасини тартибга солиш мақсадида бутунлай янгича тизим жорий қилинмоқда.
– Амалда мамлакатимизда ўрнатилган лифтларда сервис хизматлари ҳамда техник кўрикларини ўтказиш самарасиз бўлган. Ривожланган илғор мамлакатларнинг самара бериб келаётган бой тажрибасига асосланган ҳолда биноларга ўрнатилган лифтларни сервис ва техник кўрикдан ўтказиш бўйича янги амалиёт жорий этилмоқда, – дейди Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги вакили Рауфжон Расулов. – Лифтларга нисбатан хавфсизлик талаблари тўлиқ ҳалқаро стандартларга асосланмоқда. Уларнинг мувофиқлигини баҳолаш “модуль” тизими асосида тайинланган идора томонидан амалга оширилиши ҳамда “миллий мувофиқлик белгиси” билан тамғалаш амалиёти жорий этилиши назарда тутилган. Ҳуқуқий эксперимент тариқасида “Бозор назорати” тизимини жорий этиш назарда тутилиб, бундай тизим ривожланган давлатларда нафақат лифтлардан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш, балки лифтларни экспорт қилишда ҳам самара бермоқда. Жорий этилаётган янги амалиётлар натижасида бахтсиз ҳодисаларнинг олди олинишига эришилади.
Эндиликда лифтларнинг техник кўрикларини амалга оширувчи ташкилотлар халқаро стандартга мувофиқ бўлиши ҳамда белгиланган тартибда аккредитациядан ўтган ҳолда бино ва иншоотларда ўрнатилган лифтлар “дастлабки” ва ҳар 12 ойда “даврий” техник кўрикдан ўтказилиши йўлга қўйилади.
Лифтларни техник ҳолатига қараб хавфларга ажратиш ҳамда уларни “яшил”, “кўк”, “сариқ” ва “қизил” ранг билан ёрлиқлаш ёрдамида аҳоли ва жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш ва хавфсиз фойдаланишни назорат қилиш имконияти яратилади. Аҳоли ва кенг жамоатчилик ушбу ўрнатилган ёрлиқлар ёрдамида носоз ёки хавфли лифтларни осон аниқлаб олишлари, зарур ҳолларда ваколатли назорат органларига хабар беришлари мумкин бўлади.
Шаҳноза Маматуропова, О.Пардаев (сурат), ЎзА