
Сурхондарё вилояти солиқ бошқармасида Термиз шаҳрида фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Учрашувда вилоят солиқ бошқармаси бошлиғи Эркин Нарманов хусусий сектор вакилларининг мамлакатимизни иқтисодий ривожлантиришдаги муҳим ўрни ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар тўғрисида атрофлича сўз юритди.

Қайд этилдики, Президентимиз жорий йил 19 март куни кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувда мамлакатимиз иқтисодиёти учун кичик ва ўрта бизнеснинг ривожидаги ўрни ҳамда аҳамиятини муносиб баҳолаб, бу йўналишни қўллаб-қувватлаш бундан кейин ҳам давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири бўлишини алоҳида таъкидлади. Зеро, кичик ва ўрта бизнес иш ўрни, инвестиция, инновация, рақобат, қўшилган қиймат ва экспортни кўпайтиришга энг катта туртки бераётган йўналиш бўлиб, соҳада ишбилармонлар сафини янада кенгайтириш ҳамда фаолиятини ривожлантиришда мавжуд муаммо ва таклифларини ўрганиб, уларга ечим топиш муҳим аҳамиятга эга.

Очиқ мулоқотда вилоят марказидаги кичик ва ўрта тадбиркорларнинг маркировкалаш, солиқ ҳисоботларини топшириш, имтиёзлардан фойдаланиш ва кадастр органлари билан боғлиқ муаммо ҳамда таклифлари тингланиб, уларни ижобий ҳал этиш чоралари кўрилди. Шунингдек, миллий иқтисодиётимиз ва хусусий сектор ривожига қўшаётган салмоқли ҳиссаси учун бир гуруҳ намунали солиқ тўловчилар “Энг кўп солиқ тўлаган тадбиркорлик субъекти”, “Энг кўп фискал чек берган тадбиркорлик субъекти”, “Энг кўп экспортни амалга оширган тадбиркорлик субъекти”, “Энг кўп иш ўрни яратган тадбиркорлик субъекти”, “Энг интизомли солиқ тўловчи” ва “Энг ёш тадбиркор” номинациялари бўйича муносиб тақдирланди.

Айни пайтда вилоятда 30 мингдан ортиқ кичик ва ўрта бизнес субъекти фаолият юритиб, ҳудудни ҳар тарафлама юксалтириш йўлида самарали меҳнат қилмоқда.
Воҳадаги кичик ва ўрта бизнес вакилларининг таклифлари ҳамда улар дуч келаётган муаммоларни ўрганишга бағишланган очиқ мулоқот вилоят туманларида давом этади.

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири