Қашқадарё вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи Сирожиддин Эшматов томонидан Қарши туманида фаолият юритаётган кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашув ташкил этилди.
Тадбиркорлар сафини янада кенгайтириш, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланишларини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган учрашувларда солиқ қонунчилигига оид ўзгариш ва янгиликлар ҳақида сўз юритилиб, хусусий сектор вакилларининг мавжуд муаммо ҳамда таклифлари ўрганилмоқда.
Учрашув аввалида кичик ва ўрта бизнесни янада ривожлантириш, бу борада ушбу тармоқ вакилларига берилган енгилликлар ҳамда солиқ имтиёзлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашувда тадбиркорлар фаолиятида дуч келаётган масалалар юзасидан мурожаатлар қилди.
Жумладан, “Косон ёғ комбинати” масъулияти чекланган жамияти бош ҳисобчиси Умар Жабборов мурожаат қилди. У ўз мурожаатида жамият томонидан жорий йилнинг март ойида бино сотиб олинганлиги ва апрель ойидан эгалик ҳуқуқи берилганлигини билдирди. Лекин март ойидан мол-мулк ва ер солиқлари ҳисобланганлигини билдириб, ушбу масала ечими юзасидан амалий ёрдам сўради.
Мурожаат бўйича мутахассисларнинг изоҳлари тингланиб, унинг ечими юзасидан аниқ вақт ва муддатлар белгилаб олинди.
Учрашувда иштирокчиларнинг солиқ имтиёзларидан фойдаланиш, тадбиркорлик фаолиятини кенгайтириш, солиқ ҳисоботини қайта кўриб чиқиш ва бошқа масалаларга доир 10 дан ортиқ муаммолари ҳал этилди.
[gallery-22909]
Тадбир доирасида солиқларни ўз вақтида тўлаб, юртимиз ривожига муносиб ҳисса қўшаётган бир қатор тадбиркорлар алоҳида эътироф этилиб, “Энг интизомли солиқ тўловчи”, “Энг кўп иш ўрни яратган тадбиркорлик субъекти”, “Энг кўп солиқ тўлаган тадбиркорлик субъекти”, “Энг ёш тадбиркор” каби номинациялар билан тақдирланди.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари