Мамлакатимизда ички туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли Сирдарё вилоятининг Гулистон туманидаги Соҳилобод маҳалласи аҳлининг турмуш тарзида ҳам сезиларли ижобий ўзгаришлар юзага келмоқда. Маҳалланинг Сирдарё дарёси бўйида жойлашгани эса бу соҳанинг янада ривожланишига сабаб бўляпти.
Ҳозир Соҳилободда туризм соҳаси деҳқончилик ва чорвачилик билан бир қаторда маҳаллий иқтисодиётни ривожлантирувчи асосий тармоқлардан бирига айланиб улгурди. Дарё бўйларида чойхоналар, дам олиш масканлари, моторли қайиқлар хизмат кўрсатаётгани маҳалланинг туристик салоҳиятини янада оширмоқда.

Маҳаллада 5 056 нафар аҳоли истиқомат қилади. Ишсизлар сони 71 нафарни, камбағал оилалар сони эса 53 тани ташкил этади. Бу муаммоларни бартараф этиш мақсадида маҳаллада индивидуал режалар ишлаб чиқилган. Ҳар бир оиланинг имконият ва эҳтиёжларидан келиб чиқиб, аниқ ва манзилли ишлар олиб борилмоқда.
– Бугунги кунда маҳалламизда туризмни ривожлантириш, аҳолини даромадли қилиш ва ёшлар бандлигини таъминлаш асосий вазифаларимиздан бирига айланган. Шу мақсадда 100 миллион сўмлик имтиёзли кредит ажратилиб, тадбиркор томонидан икки моторли қайиқ харид қилинди ва сайёҳларга хизмат кўрсатиш йўлга қўйилди. Яна бир тадбиркорга 66 миллион сўм миқдорида кредит ажратилиб, чойхона ва дам олиш масканлари учун зарур жиҳозлар харид қилинди, – дейди маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси Санжар Юлдашев. – Мақсадимиз – ҳар бир хонадонни иқтисодий фаолликка жалб этиш, аҳолининг яшаш сифатига ижобий таъсир кўрсатиш.

Маҳаллада туризм билан бирга тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Нигора Раимқулова 50 миллион сўмлик кредит асосида тикувчилик цехини очган бўлса, Набижон Бойзоқов 25 миллион сўмлик кредит билан “Пенаблок” ишлаб чиқариш фаолиятини бошлади. Шунингдек, Муножот Салимова ва Шоҳжаҳон Мавлонбердиев 50 миллион сўмдан кредит олиб, чорвачилик соҳасида ўз бизнесларини йўлга қўйишди.
Шу маҳаллалик фермер Равшан Жумақулов 30 миллион сўмлик кредит асосида ўз яшаш хонадонида бўш турган 50 сотихли ерда иссиқхона хўжалигини ташкил этиб, фарзандларини бандлик билан таъминламоқда. У уч мавсумда бодринг, помидор ва кўкат етиштиришни йўлга қўйган. Бундан ташқари, у “Соҳилобод экинлари” кооперативи раиси сифатида маҳаллада истиқомат қилаётган, аммо ишсиз бўлган ёшларга “Бир контур — бир маҳсулот” лойиҳаси доирасида ажратиб берилган 50 сотихли, жами 20 гектар ерда деҳқончилик қилиш имконини яратиб, уларга деҳқончилик сирлари ва агротехника асосларини ўргатмоқда.
– Кузда буғдой экиб, кейинги мавсумда карам етиштиришни йўлга қўйдик. Агроқоидаларга амал қилиш – муваффақият калити. Етиштирилган маҳсулот эса ўз харидорини топиши керак, – дейди Равшан Жумақулов.
Бунинг натижасида ёшлар иш қидириб, узоққа бормай, 50 сотих ердан йилига ўртача 50–60 миллион сўм даромад олмоқда.

Якка тартибдаги тадбиркор Диёра Гулмуратова эса 100 миллион сўмлик имтиёзли кредит асосида “Билимдон” номли нодавлат мактабгача таълим муассасасини ташкил этиб, 50 нафар болани қамраб олди ва беш нафар хотин-қизни иш билан таъминлади. Ундан ташқари, “Мустафо” номли иккинчи мактабгача таълим муассасасини ҳам ташкил этиб, ёшлар бандлигини таъминлашга ҳисса қўшди.
– Бундай натижаларга эришишимизга Президентимизнинг ёшларга қаратаётган эътибори, аҳоли даромадини ошириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган ислоҳотлар сабаб бўлмоқда, – дейди у.
Бундай мисоллар Соҳилободда аҳолининг фаоллашгани, давлат томонидан яратилаётган имкониятлар самарали ишлаётганини кўрсатади. Туризм, тадбиркорлик ва аграр соҳаларнинг уйғун ривожи маҳалланинг ижтимоий-иқтисодий қиёфасини бутунлай янгиламоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири