
Жорий йилда “Ўзсувтаъминот” АЖ ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан 1 619 километр ичимлик суви, 521 километр оқова сув тармоқларини тортиш, тизимдаги 162 та иншоотни қуриш ва реконструкция қилиш режалаштирилган. Буларнинг натижасида 715 минг аҳолига илк бор марказлашган тоза ичимлик суви етиб боради, 135 минг хонадон оқова тармоғига уланади, 157 минг истеъмолчига замонавий ҳисоблагич ўрнатилади.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарининг Францияга ташрифи доирасида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларида ичимлик суви бўйича 340 миллион евролик 3 та лойиҳага келишилган. Жумладан, Франциянинг “Suez” компанияси Денов, Шўрчи, Сариосиё ва Қумқўрғондаги ичимлик суви таъминотини хусусий бошқарувга олмоқда. Натижада вилоятда марказлашган ичимлик суви қамрови 90 фоизга етиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов иштирокида ўтказилган брифингда шулар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидланишича, оқова тармоғи мавжудлиги қурилиш, саноат ва хизматлар ривожи учун муҳим омил. Уни кенгайтиришда бюджетдан ҳар йили триллионлаб маблағ сарфланмоқда. Бу жараёнларда соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш зарурлиги алоҳида кўрсатиб ўтилди.
Яна бир жиҳат, халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш жараёнини соддалаштириш бўйича қарор қабул қилинган. Йиғилишда тендерларни тезлаштириб, йил якунигача 850 миллион долларлик ишларни бажариш топшириғи берилган.
– Соҳани рақамлаштириш учун Осиё тараққиёт банкидан 125 миллион доллар жалб қилиниши белгиланди, – дейди “Ўзсувтаъминот” АЖ ахборот хизмати раҳбари Акмал Муродов. – Беш йилда йирик сув иншооти ва магистрал қувурларга 4 800 та “ақлли” ҳисоблагич, 2 800 та телеметрия тизими ўрнатиш кўзда тутилган. Бу электротехника саноати учун катта бозор экани қайд этилиб, ҳисоблагич ишлаб чиқаришни кўпайтириш, хизмат кўрсатишни босқичма-босқич хусусий секторга ўтказиш бўйича кўрсатма берилди.
Шунингдек, йиғилишда марказлашган иссиқлик таъминоти, табиий газ таъминоти, ерларни аукцион орқали сотиш, фермерлар рейтинги мезонлари, долзарб бир ойлик доирасида маҳаллаларда олиб борилаётган деҳқончилик ва ободонлаштириш ишлари, “маҳалла-сервис” компаниялари ташкил қилиш тажрибаси, туман ва шаҳар ободонлаштириш бўлимлари таркибида ички йўлларни сақлаш участкалари ташкил қилиниши каби масалалар кўриб чиқилди.
Брифинг якунида 2025 йил биринчи январь ҳолатига аҳолининг марказлашган ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси 80,9 фоизни, оқова сув хизмати билан қамраб олинганлик даражаси 20,9 фоизни ташкил этгани қайд этилди.
Нилуфар Бозорова, ЎзА