Нурафшон шаҳрида “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни” муносабати билан тантанали байрам тадбири ўтказилди. Унда қишлоқ хўжалиги соҳасида самарали меҳнат қилиб, ҳудуд иқтисодиёти, жамият фаровонлигига ҳисса қўшаётган аграр соҳа мутахассислари, фахрийлар, миришкорлар, фермер ва деҳқонлар, кластер эгалари, барча туман-шаҳар мутасадди раҳбарлари қатнашди.
Дастлаб Ватанпарвар боғи ёнидаги Нурафшон шаҳри марказидаги “Матонат мадҳияси” ёдгорлик мажмуаси пойига гул қўйилди. Шундан сўнг барча иштирокчилар тадбир ўтказиладиган асосий жойга етиб келди. Бу ердаги махсус павильонда меҳмонлар қишлоқ хўжалиги соҳасининг ютуқлари, маҳаллий етиштирилган мева-сабзавот маҳсулотлари ҳамда илғор агротехнологияларни ўз ичига олган кўргазмалар билан танишди. Эсдалик учун фотосуратларга тушди. Ёзилган тўкин дастурхон атрофида барча жам бўлди.

Тадбирнинг тантанали очилишида Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаевнинг жамоатчиликка йўллаган Мурожаати эшиттирилди. Унда барча фидойи соҳа ходимларини байрам билан қутлаб, қишлоқ хўжалиги жонкуярларининг машаққатли меҳнатини алоҳида эътироф этилди.

Қайд этилганидек, якунланаётган 2025 йил вилоят қишлоқ хўжалигида юқори натижаларга эришилди. Хусусан, эл-юрт хирмонига 206 минг тонна пахта, 828 минг тонна дон етказиб берилди. 71 нафар фермер пахта ҳосилдорлигини 60 центнердан, 130 нафарга яқин фермер эса ғалла ҳосилдорлигини 100 центнердан оширгани қувонарлидир. Пиллачиликда 32 минг қути ҳисобидан 2 минг 42 тонна пилла етиштирилиб, экспорт ҳажми 17 миллион долларга етди. Бу эса соҳада 88 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилишига ҳам замин яратди.

Сабзавотчилик, боғдорчилик ва полизчиликда ҳам барқарор ўсиш кузатилди. Жорий йилда 1,2 миллион тонна сабзавот, 120 минг тонна полиз, 165 минг тонна дуккакли экинлар, 135 минг тонна узум ҳамда 260 минг тонна мева ва зираворлар етиштирилди. Чорвачиликда 841 минг тонна сут, 260 минг тонна гўшт, 1,1 миллиард дона тухум тайёрланди. Ердан самарали фойдаланиш мақсадида ғалладан 80 минг гектар ерда такрорий ҳосил олинди. Шу билан бирга, 4,1 минг гектар янги ер ўзлаштирилди.

Байрам тадбирида жорий йил юқори ҳосил олиб, баракали хирмон кўтарган уста миришкорлар, илғор фермерлар, агроном, механизатор, сувчи, экспортчи ва соҳа мутахассислари, қолаверса, қишлоқ хўжалиги ривожига ҳисса қўшиб келаётган бошқа соҳа фаолларини турли номинациялар билан тақдирланди.


Қишлоқ хўжалиги ходимлари учун махсус видеоролик намойиш этилди. Эл суйган санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар ҳамда вилоят маданият бошқармаси томонидан тайёрланган бадиий дастур тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади. Якунда Нурафшон шаҳридаги марказий арча безалган майдонда соҳа заҳматкашлари шарафига байрам салюти уюштирилди.
А.Мусаев, ЎзА.