Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, муҳим даргоҳ сифатида ардоқлаб келган. Зеро, баркамол авлодни тарбиялаш, жамиятга фойдали шахсни вояга етказиш, аввало, соғлом ва аҳил оила муҳитида шаклланади. Хусусан, фарзандларини халқ ва Ватанга садоқатли, фидоий қилиб тарбиялаш – ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчидир.
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги ҳамкорлигида оилалар ўртасида аҳиллик, барқарорлик ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этувчи мусобақа уюштирилди. Тадбирнинг асосий мақсади оилавий спортни оммалаштириш, турли ёшдаги фуқаролар ўртасида жисмоний фаолликни кучайтириш, оилалар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашдир.
[gallery-23372]
15 май – Халқаро оила куни муносабати билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси сиёсий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси раҳбари Робахон Маҳмудова ҳам иштирок этиб, спортчи оилалар вакилларини байрам билан қутлаб, беллашувларда омад тилади.
“Оилавий спорт” шиори остида ўтказилган ушбу мусобақада Нукус шаҳрида истиқомат қилаётган 7 та фаол спортчи оила қатнашди. Иштирокчилар стол тенниси коптогини қошиққа солиб, уни тишлаган ҳолда тўсиқлар орқали югуриш, тўплар билан тўсиқларни айланаб ўтиш, кичик дарвозага тўп тепиш, жамоавий “Овчи ва қуён” ўйинлари бўйича ўзаро беллашдилар. Якуний натижаларга кўра, биринчи ўринни “Шиғис” маҳалла фуқаролар йиғинидан Ҳайдаровлар, иккинчи ўринни “Баркамол авлод” маҳалла фуқаролар йиғинидан Примбетовлар, учинчи ўринни эса “Гоне қала” маҳалла фуқаролар йиғинидан Пардахановлар оилалари эгаллади.
Ғолибларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллапев (сурат), ЎзА