Инсон жисмонан бақувват, руҳан тетик бўлиши учун соғлом турмуш тарзига амал қилиши лозим. Ҳозирги вақтда бутун дунёда бўлгани каби юртимизда ҳам соғлом овқатланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йўлида фуқароларни соғлом озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва уларнинг бу борадаги билимини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, инсон соғлиғининг 60 фоизи соғлом турмуш тарзига амал қилишга боғлиқ экан. Соғлом турмуш тарзининг асосий тамойилларидан бири эса тўғри овқатланиш ҳисобланади.
Саломатликни мустаҳкамлаш учун зарур бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги асосий озиқ моддаларига оқсиллар, ёғлар, углеводлар, витаминлар ва минерал тузлар киради. Мутахассислар тавсиясига мувофиқ, қувват қиймати 10-15 фоиз оқсиллар, 30-35 фоиз ёғлар, 50 фоиз углеводлар томонидан таъминланиши керак. Агар истеъмол қилаётган овқатимизда ёғ ва мойлар ортиқча бўлса, қон-томирлар атеросклерозга, оқибатда эса турли юрак ва қон-томир касалликларига олиб келади. Ун ва қанд маҳсулотларини меъёрдан ошиқча истеъмол қилиш эса қанд касаллиги, артрит, қабзият ва саратон касалликларини келтириб чиқаради. Гўшт маҳсулотларини ортиқча истеъмол қилиш эса қонда азот бирикмалари концентрациясини ошишига, оқибатда подагра касаллиги ва буйрак касалликларига сабаб бўлади. Овқатлар таркибида минерал тузлар, микроэлементлар ва витаминларнинг етишмаслиги баданда модда алмашувининг бузилиши билан боғлиқ касалликларни келтириб чиқаради.
Шу ўринда соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилган инсон узоқ ва бахтли ҳаёт кечиришини эслатиб ўтамиз.
Санитария-эпидемиологик осойишталик
ва жамоат саломатлиги хизматининг
жамоатчилик билан алоқалар бўлими.
ЎзА