Сирдарё вилоятида акушер-гинекологлар учун олти кунлик амалий ўқув-семинари ташкил этилди. Машғулотлар Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан тавсия этилган халқаро баённомалар асосида олиб борилди.
– Машғулотлар Республика ихтисослаштирилган Она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказидан келган етакчи мутахассислар томонидан олиб борилди. Жумладан, туғуруқ пайтида қон кетиш ҳолатларини тезкор бошқариш, янги туғилган чақалоқларга сифатли перинатал ёрдам кўрсатиш ва неонатал реанимация каби йўналишларда замонавий ёндашувлар ўргатилди, – дейди филиал директори вазифасини бажарувчи, 1-тоифали акушер-гинеколог Шаҳло Хожаева. – Бундай ўқувлар шифокорларнинг назарий билимларини бойитиш билан бирга, реанимацион ҳолатларда тез ва тўғри қарор қабул қилиш кўникмасини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.

Семинар доирасида иштирокчилар симуляцион машқлар орқали турли клиник сценарийларни моделлаштирди. Айниқса, туғуруқ асоратларини бошқаришда стандарт алгоритмлар билан бир қаторда, ҳолатга индивидуал ёндашув масалалари алоҳида муҳокама қилинди. Малака ошириш жараёнида тажрибали мутахассислар томонидан ҳозирги кунда кўплаб асоратлар профилактикасида илмий ёндашувга асосланган иш усуллари муҳим аҳамият касб этишини таъкидланди.
– Ҳар бир чақалоқнинг соғ-саломат дунёга келиши, ҳар бир она учун оғриқсиз ва хавфсиз туғуруқ муҳитини яратиш бу нафақат тиббий, балки ижтимоий масъулият ҳамдир. Шу боис, бундай семинарларни мунтазам ўтказиб бориш зарур, – дейди олий тоифали акушер-гинеколог Озода Нуриддинова. – Ҳар бир туғуруқ жавобгарлик талаб қилувчи мураккаб жараён. Шу боис тиббиёт ходимлари халқаро тавсияларга асосланган ёндашувларни пухта ўзлаштириши соҳа самарадорлиги ва хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Семинар якунида барча иштирокчиларга махсус сертификатлар топширилди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири