Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамда Мудофаа ишлари бошқармаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳамкорлигида Ширин шаҳрида жойлашган Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий қисмда “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида маънавий-маърифий тарғибот тадбири бўлиб ўтди.
Ҳарбий қисми хизматчилари иштирок этган тадбирда глобаллашув жараёнларининг шиддат билан кечаётгани, дунё миқёсида ғоявий ва мафкуравий таҳдидлар тобора кучайиб бораётгани таъкидланди. Шу шароитда ёшлар онгида соғлом дунёқараш ва ватанпарварлик туйғусини мустаҳкамлаш, маънавий-маърифий иммунитетни кучайтириш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Маърузачилар сўзларида Президентимиз таъкидлаган қуйидаги фикрлар алоҳида урғу билан ўқилди: «Биз маънавият ва маърифат ишини ватанпарварлик иши, виждон иши, деб биламиз. Виждон, маънавияти бор инсон ватанни албатта яхши кўради. Виждон, маънавият дегани – халққа, Ватанга чин юракдан хизмат қилиш деганидир».


Тадбир давомида иштирокчиларга турли маънавий таҳдидларнинг салбий оқибатлари ва уларга қарши маърифат орқали курашишнинг самарали йўллари ҳақида атрофлича тушунтириш берилди. Шунингдек, ватан равнақи ва халқ фаровонлиги йўлида ёшларни бирлаштириш, уларнинг билим ва салоҳиятини эзгу мақсадларга йўналтириш борасида амалий вазифалар белгилаб олинди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири