“Республикада соғлиқни сақлаш тизимини ва аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш тамойилларини такомиллаштириш орқали соҳани ислоҳ қилишни изчил давом эттириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони қабул қилинди.
Шу йилнинг 19 майида қабул қилинган мазкур ҳужжатда аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги тизимини жорий этишнинг асосий мақсадлари белгиланди.
Унга кўра, халқаро тажрибага асосланган аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдами кўрсатишнинг янги модели жорий қилинади.
Аҳолига тиббий ёрдам кўрсатишда оилавий шифокор улуши 70 фоизга етказилади.
Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш ҳамда тиббиётда қоғозбозликни камайтириш орқали тиббиёт ходимлари иш юкламаси 30 фоизгача камайтирилади.
2025 йил 1 июлдан мазкур фармонда белгиланган туман (шаҳар)ларда, 2026 йил 1 январдан Самарқанд вилоятининг барча туман (шаҳар)ларида тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели жорий қилинади.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман (шаҳар) тиббиёт бирлашмалари негизида туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ташкил этилади.
Шунингдек, фармонга кўра, тажриба-синов лойиҳаси доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами тизимида оилавий поликлиникалар, оилавий шифокор пунктлари, шу жумладан, уларга филиал сифатида бириктирилган муассасалар ҳамда маҳалла тиббиёт пунктлари бириктирилган аҳоли сонидан келиб чиқиб, юридик мақомга эга оилавий поликлиникаларга ҳамда уларнинг филиалларига айлантирилади. Оилавий поликлиникаларда аҳолига тиббий ёрдам кўрсатувчи оилавий шифокор, педиатр, акушер-гинеколог ва ташхислаш хизматларини кўрсатувчи мутахассислар, шунингдек, аутсорсинг асосида стоматология хизмати йўлга қўйилади.
Аҳолига оилавий шифокорни эркин танлаш ҳуқуқи берилади. Шунингдек, тиббиёт бригадасига 3 минг нафар, зарур ҳолларда, белгиланган меъёрларга қўшимча аҳоли бириктирилиши мумкин. Бунда 2030 йилга қадар 1 тиббиёт бригадасига кўпи билан 1,7 минг нафар аҳоли бириктирилиши стратегик мақсад этиб белгиланади.
Оилавий поликлиникаларда тиббиёт ходимлари фақат тўлиқ ставкада фаолият юритади. Оилавий поликлиникадан 10 километрдан узоқ масофада жойлашган маҳалла фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли учун тиббиёт ходимларининг сайёр тиббий хизмати йўлга қўйилади.
Фармонга кўра, тажриба-синов лойиҳаси доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари базавий тариф ставкаларига қуйидаги миқдорларда қўшимча устамалар тўланади:
– сайёр тиббий хизмат кўрсатувчи тиббиёт ходимларига ойлик лавозим маоши ёки базавий тариф ставкасининг 50 фоизи миқдорида;
– тиббиёт бригадасига белгиланган меъёрлардан 10 фоиз ортиқча қўшимча бириктирилган аҳолининг ҳар бири учун меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 0,3 фоизи миқдорида – шаҳарларда, 0,5 фоизи миқдорида – туманларда;
– оила саломатлиги бўйича махсус ўқув дастури асосида ташкил этиладиган курсларнинг барча босқичларини муваффақиятли тугатган тиббиёт ходимлари учун сертификатга мувофиқ базавий тариф ставкасининг 100 фоизи миқдорида.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман (шаҳар) марказий шифохоналарида шифокорларнинг ойлик лавозим маошлари – 20 фоиз, ўрта тиббиёт ходимларининг ойлик лавозим маошлари – 10 фоиз миқдорида оширилади.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида оилавий поликлиникалар ва туман (шаҳар) марказий шифохоналарининг тиббиёт ва фармацевтика ходимлари учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) асосида ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда устама жорий этилади.
Шунингдек, тажриба-синов лойиҳаси доирасида туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари ва тиббиёт муассасаларида:
– раҳбарлар учун тиббиётни бошқариш (менежерлик) бўйича ўқув дастури йўлга қўйилади;
– ўқув дастури якуни бўйича сертификатга эга бўлган раҳбарларга ойлик лавозим маошининг 100 фоизи, раҳбар ўринбосарига – 80 фоизи ҳамда бош ҳамширага – 50 фоизи миқдорида устама тўланади;
– раҳбар ходимлар учун фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) белгиланади ҳамда ойлик лавозим маошининг 100 фоизигача миқдорда устама жорий этилади;
– 1 йил давомида фаолият самарадорлиги кўрсаткичларида (KPI) ижобий (56 фоиздан юқори) натижаларга эришмаган раҳбар ходимлар лавозимидан озод қилинади.
Тажриба-синов лойиҳаси доирасида ҳудудий даражадаги тиббиёт муассасалари Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан белгиланадиган рўйхатга мувофиқ ташкилий, бошқарув ва молиявий жиҳатдан бирлаштирилиб кўп тармоқли шифохоналарга айлантирилади.
ЎзА