Футбол бўйича Ўзбекистон суперлигасининг 28-туридан ўрин олган “Хоразм” – “Сўғдиёна” баҳси Урганчдаги “Хоразм” стадионида бўлиб ўтди. Беллашув якунида жиззахликлар икки гол фарқи билан зафар қучди – 0:2.
Учрашув жуда шиддатли бошланди. “Хоразм” илк дақиқаларданоқ ҳужумкор ўйин намойиш этиб, рақиб дарвозаси томон бир неча бор хавфли зарбалар берди. Бироқ жиззахликлар ҳимояда ишончли ҳаракат қилиб, вазиятларни бартараф этишга муваффақ бўлишди. Биринчи бўлим давомида мезбонлар устунлик қилган бўлса-да, ҳисоб очилмади.

Иккинчи тайм бошланиши билан ўйин кескин тус олди. 49-дақиқада “Хоразм” ҳимоячиси Аббосжон Отахоновнинг қўпол қоидабузарлиги учун майдондан четлатилиши мезбонлар учун кескин бурилиш нуқтаси бўлди. Бир нафар кам ўйнаган урганчликлар кейинги дақиқаларда асосан ҳимояда ҳаракат қилишди.

83-дақиқада “Сўғдиёна”нинг устунлиги ўз самарасини берди. Жалолиддинов ва Қаҳрамонов иштирокидаги тезкор комбинацияни Люпчо Дориев аниқ зарба билан якунлаб, ҳисобни очди – 0:1.
Қўшимча вақтда (90+3) эса Дориевнинг узатмасидан кейин Жасур Жалолиддинов аниқ зарба йўллаб, жамоасининг иккинчи голини урди – 0:2.

Шу тариқа “Сўғдиёна” меҳмонда муҳим ғалабани қўлга киритди ва чемпионат жадвалида юқори поғоналар учун курашни давом эттирмоқда.
Хоразмликлар бир футболчи кам бўлиб ўйнашганига қарамай, муносиб қаршилик кўрсатишди, аммо имкониятларидан унумли фойдалана олишмади.
Бу натижа орқали “Сўғдиёна” мухлисларига навбатдаги ғалабани тақдим этди, “Хоразм” эса қолган турларда вазиятни яхшилаш учун янада жипслашиши лозим бўлади.
А.Қаюмов, ЎзА мухбири