Мамлакатимизда сўнгги йилларда илм-фан ва таълим-тарбия соҳасига давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида алоҳида эътибор қаратилиб, оилада фарзанд туғилганидан бошлаб, камолот ёшига етгунча уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилди.
Жорий йилнинг 15 сентябрда Президентимизнинг ўқитувчи ва мураббийлар билан ўтказган очиқ мулоқотида ҳам ёшлар таълим-тарбияси, устозлар меҳнатини қадрлаш кенг муҳокама қилиниб, муаллимларга бир қатор имтиёзлар берилди. Давлатимиз раҳбарининг фидойи ўқитувчи ва мураббийларга касб байрами муносабати билан йўллаган байрам табриги кўрсатилаётган ғамхўрликнинг яна бир ифодасидир.

Шонли санага бағишлаб, Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси биносида таълим фидойилари ва фахрийлари иштирокида ўтказилган учрашувда айни шулар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

“Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раисининг ўринбосари Абдурашид Болтабоев, вилоят “Маҳалла” хайрия жамоат фонди раиси Аҳмаджон Мукарамов, вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи ўринбосарининг биринчи ўринбосари Музаффар Исаев қайд этганидек, вилоятда таълим-тарбияга бўлган талаб ва таклиф йилдан йилга ортиб бормоқда. Болаларни боғчага қамрови ортди, давлат умумтаълим мактаблари билан бир қаторда хусусий ва халқаро – нодавлат мактаблар ташкил қилиниб, таълимда янгича ёндашувларга эришилмоқда.

Тадбирда, касб байрамига туҳфа сифатида “Маҳалла” фонди республика бошқаруви томонидан тақдим этилган эсдалик совғалари топширилди.
– Маориф тизимида 40 йилдан ортиқ меҳнат қилдим, мактабда ҳар куни турли характердаги болалар билан ишлайсиз, – дейди Давлатобод туманидаги 80-сонли умумтаълим мактабининг фахрий ўқитувчиси Мўътабархон Қаҳҳорова. – Соҳада ислоҳотлар давомли олиб борилмоқда, жамиятда комил инсонларни етиштиришда мактабнинг ўрни катталиги сабабли юртимизда таълимга эътибор кучайиб бормоқда, болалар ҳам билим эгаллашга, замонавий касбларни ўзлаштиришга қизиқишлари ортиб бормоқда.

Байрам муносабати билан вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди томонидан вилоятда таълим соҳасида жонкуярлик билан меҳнат қилиб, нафақада бўлган фахрийлар ҳамда ҳозирда билимгоҳларда ёш авлодни ватанпарварлик руҳида камолга етказаётган 150 нафар ўқитувчи ва мураббийга эҳтиром кўрсатилди. Уларнинг заҳматли фаолияти қадрланган ҳолда, “Маҳалла” фонди республика бошқарувининг эсдалик совғалари топширилди.

Шундан сўнг, соҳада узоқ йиллар салмоқли фаолият юритган 10 нафар кекса педагогнинг оиласидан хабар олинди. Жумладан, фахрий устоз Ҳусниддин Мамажонов Наманган шаҳридаги 24-, 35-, 38-умумтаълим мактабларида, шаҳар халқ таълими бўлимида ишлаб, уч ўғил ва бир қизни эл корига ярайдиган комил инсонлар сифатида камол топтирди. Бугун фахрий устоз муаллим ёш педагог шогирдларига ҳамиша маслаҳатгўй.
Дарҳақиқат, устоз муаллимлик дунёдаги энг бебаҳо бойлик ва боқий меросни яратиш, уни халқимизга, униб-ўсиб келаётган ёш авлодимизга безавол етказиш йўлида чинакам фидойилик кўрсатиб меҳнат қилаётган улуғ инсонлардир. Бу улкан бойлик – ақл-заковат ва илм, бу ўлмас мерос – яхши тарбиядан иборат.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.