Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасида барча соҳаларда кенг кўламли ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилмоқда. Ўзаро тажриба алмашиш, ҳамкорлик истиқболларини белгилаб олишда парламентлар ва партиялараро алоқалар ҳам муҳим ўрин тутади.
Пекин шаҳрида Хитой Коммунистик партияси ҳамда қўшни мамлакатлар сиёсий партиялари ўртасидаги Мулоқот форумида ЎзЛиДеП делегацияси аъзолари ҳам иштирок этмоқда. Бу ҳақда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди.

Форумда ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов нутқ сўзлаб, Ўзбекистонда очиқ ва прагматик ташқи сиёсат олиб борилаётгани, хусусан, Хитой билан дўстона ва ўзаро манфаатли алоқаларни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратилаётганини таъкидлаб ўтди.

Форум доирасида “Ўзгараётган дунёдаги Осиё” мавзусидаги сессия ташкил этилди. Сессияда геосиёсий ўзгаришлар, иқтисодий трансформация ва Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди. Қўшни мамлакатлар сиёсий партиялари иштирок этган мазкур тадбир партиялараро алоқаларни мустаҳкамлаш, минтақавий яқинлашув ва доимий мулоқотни таъминлашда муҳим қадам бўлди.
Ташриф доирасида ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов Хитой Халқ Республикаси Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Халқаро алоқалар бўлими мудири Лю Цзяньчао билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг Хитой Халқ Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Фарҳод Арзиев ҳам иштирок этди.

Мулоқотда икки мамлакат раҳбарлари Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпин иштирокидаги мунтазам саммитлар самарасида Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали муносабатлар тобора ривожланиб бораётгани алоҳида эътироф этилди. Шунингдек, парламентлараро ва партиялараро алоқалар янада мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. Хусусан, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва Хитой Коммунистик партияси ўртасида имзоланган Ўзаро англашув меморандуми ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиққани айтиб ўтилди.
Мазкур ташриф давомида делегация аъзолари Сиань шаҳрида “Хитой – Марказий Осиё” формати котибияти билан учрашув ўтказди. Мазкур котибият Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги сиёсий, иқтисодий, маданий ва инсонпарварлик соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган амалий лойиҳаларни илгари суришда муҳим платформа бўлиб хизмат қилмоқда.

Учрашувда томонлар ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш, парламентлараро ва партиялараро муносабатларни ривожлантириш, стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, сиёсий партиялар ўртасида тажриба алмашиш масалаларини муҳокама қилдилар.
М.Комилова, ЎзА