Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши томонидан 30 июнь — “Ёшлар куни” муносабати билан Тахтакўпир туманидаги 17-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида партиянинг “Ёшлар қаноти” аъзолари ўртасида "Сиёсатдаги ёшлар" интеллектуал турнири ўтказилди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Халқ депутатлари Тахтакўпир туман Кенгаши депутатлари, Ёшлар парламенти аъзолари, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши масъул ходимлари, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар йиғилганларни 30 июнь – "Ёшлар куни" байрами билан табриклаб, барча иштирокчиларга муваффақиятлар тилашди.

Таъкидланганидек интеллектуал турнирни ўтказишдан асосий мақсад, ёшларнинг сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш, уларнинг сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишини таъминлаш, ёшларнинг сиёсий-ҳуқуқий билимларини аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлашдир.
Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида белгиланган вазифаларни амалиётга татбиқ этишда партия сафидаги ёшларнинг салоҳиятидан фойдаланиш, юксак сиёсий билим ва ташкилотчилик қобилиятига эга бўлган ёшларни аниқлаш, истеъдодларини рўёбга чиқариш муҳим аҳамият касб этади.

Интеллектуал турнирда ёшлардан иборат жамоалар 2 та шартда ўз билимларини синовдан ўтказди. "Тезкор савол-жавоб" деб номланган биринчи шартда иштирокчилар тез ва аниқ жавоб бериш орқали давлат бошқаруви, сиёсий жараёнлар ва қонунчиликка оид тузилган саволларга жавоб бериб, ўзларининг билим ва тез фикрлаш қобилиятларини намойиш этишди.
Иккинчи "Сиёсий тезкор жавоб бериш" шартида эса Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Ўзбекистон Республикаси "Сиёсий партиялар тўғрисида"ги, Сайлов, Оила ҳамда Меҳнат кодекслари бўйича тузилган саволларга жавоб бериш бўйича ўзаро беллашдилар.

Юқори савияда ўтган интеллектуал турнир якунларига кўра, "Универсал" жамоаси биринчи, "Тахткўпир" жамоаси иккинчи, "Даўир" жамоаси эса учинчи ўринни қўлга киритди.
Ғолиблар партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан тайёрланган махсус диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири