Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саидов иштирокида маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
“Маърифат улашиб” лойиҳаси доирасида ташкил этилган учрашувда Президентимиз ғояси билан мамлакатимизда нафис адабий-бадиий муҳит яратилиб, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятига алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Ёш авлоднинг маънавий камолотида адабиётнинг ўрни ҳақида фикр алмашилди. Сирожиддин Саидов ўзининг болалик ва талабалик йилларидан, илк ижодий изланишларидан қизиқарли хотираларни сўзлаб берди. Она Ватанни, муҳаббат ва садоқат, ёшлик, умр фасллари авж пардаларда тараннум этилган шеърларидан намуналар ўқиди. Ижодкор талабаларга маслаҳат ва тавсияларини билдирди. Университет кутубхонасига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан чоп этилган 500 дона энг сара китоблар тўпламини совға қилди. Талабаларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.




Учрашув якунида Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саидов “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тадбир иштирокчилари билан университет ҳудудидаги “Адиблар хиёбони”га дарахт кўчати ўтқазди. Олий таълим муассасасида талабаларга яратилган замонавий шароитлар билан яқиндан танишди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири