"Сирли олам"
Икки қуруқлик ўртасидаги чегарани яққол белгилаш мумкин, аммо сувликда-чи?
Ер куррасида шундай нуқталар борки, у ерда икки сув ҳавзаси ҳеч бир тўсиқсиз учрашади, аммо сувлари аралашиб кетмайди. Бунинг сабаблари эса турлича бўлиши мумкин. Бугун денгиз ва дарёлар ўртасидаги кўринмас чегаралар ҳақида гаплашамиз.
Ер юзида шундай бир манзара борки, уни биринчи бор кўрган одам кўзларига ишонмайди. Гўё табиат икки хил рангли денгизни ёнма-ён қўйиб, уларнинг орасига кўз илғамас девор ўрнатгандек. Бу сирли ҳодиса Дания шимолидаги Скаген соҳилида, Болтиқ денгизи билан Шимолий денгиз туташган жойда кузатилади. Осмондан қараганда бу ерда сувлар гўё чизилган чизиқ билан ажралгандек кўринади: бир томони оч мовий, иккинчиси тўқ кўк. Энг ажабланарлиси — улар аралашмайди.
Бу ғаройиб ҳолатнинг сабаби сувларнинг табиий фарқидадир. Болтиқ денгизи чучукроқ бўлиб, унга кўплаб дарёлар қуйилади, Шимолий денгиз эса Атлантика океанидан келаётган тузли сувлар билан тўла. Натижада уларнинг шўрлик даражаси ва зичлиги турлича бўлади. Шу фарқ туфайли сувлар бир-бирини “бегона” деб билади — улар ёнма-ён оқади, лекин бирлашмайди.
Табиат мўъжизасининг яна бир қизиқ жиҳати шундаки, ушбу икки хил рангдаги сувнинг фақат зичлиги эмас, ҳатто ҳарорати ва оқиш тезлиги ҳам бир биридан фарқ қилади. Масалан, Дунёдаги энг серсув дарё Амазонканинг икки ўзани – Риу-Негру ва Солимойнс Бразилиядан 6 км нарироқда тўқнашади, 4 км.гача бўлган масофада бирга оқса-да, аралашиб кетмайди.
Икки ўзаннинг оқиш тезлиги ва ҳарорати турлича бўлгани боис уларнинг кўриниши ҳам фарқланади. Солимнойс ўзани оч рангда, 4-6 км/соат тезликда ҳаракатланади, ҳарорати 22 Цельсий даража. Риу-Негрунинг ранги тўқ ва хира, 2 км/соат тезликда ҳаракатланади, сувининг ҳарорати 28 даража атрофида.
АҚШнинг Юта штати, Каньонлендс паркида Грин ва Колорадо дарёлари бирлашади. Гриннинг яшил сувлари ва Колорадонинг қизғиш тўлқинлари орасидаги фарқ яққол кўзга ташланади. Сув оқимлари турли тоғ жинсларини ювиб келгани учун ҳам шундай тусга кирган.
Дунёнинг бошқа жойларида ҳам шунга ўхшаш ҳодисалар учрайди. Масалан, Аляска қўлтиғида музликлардан келаётган чучук сув ва океан шўр суви тўқнашади. У ердаги сувлар ҳам икки хил рангда — бири лойқа оч рангда, иккинчиси чуқур кўк. Улар бир-бирига яқин оқади, лекин гўё кўринмас чегара уларни ажратиб туради. Қадим замон денгизчилари бундай жойларни “икки олам кесишган чегара” деб аташган ва у ердан ўтишни ёмон аломат деб билишган.
Илм буни физик қонунлар билан изоҳлайди, аммо табиатнинг бу ҳодисаси ҳали ҳам инсонни ҳайратга солади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/mnDYlGZcVIc?si=Pey9qTar7pDnvHJk" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Ирода Жўраева, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА