
Инсоният қадимдан осмон ва юлдузларга қараб, уларга етишиш орзусида бўлган. Қадимги юнон ва Рим афсоналарида осмонни забт этган қаҳрамонлар ҳақида кўплаб ривоятлар бор.
Аммо бу орзулар ХХ асрга келиб, илмий ҳақиқатга айланди. Келинг, инсониятнинг Ойга чиқиш тарихи, ким биринчи бўлиб фазога ва Ойга борганини ва нега баъзи одамлар ҳанузгача «инсоният ойга чиқмаган» деб ўйлашларини кўриб чиқамиз.
1609 йилда Галилео Галилей биринчи телескоп ёрдамида Ой сиртини кузатган. 1865 йилда француз ёзувчиси Жюл Верннинг «Ер марказидан Ойга» китоби Ойга саёҳат ғоясини янада машҳур қилди.
ХХ асрга келиб, илмий-техник тараққиёт бу ғояни ҳақиқатга айлантиришга имкон берди.
АҚШ ва Совет Иттифоқи 1960 йилларда космик пойгада беллашаётган эди. 1961 йилда Юрий Гагарин биринчи бўлиб коинотга чиққач, АҚШ бунга жавоб сифатида Ойга инсон юборишни мақсад қилди. Аполло дастури айнан шу мақсадда бошланган.
1969 йил 16 июль куни «Сатурн В» ракетаси учирилди. 3 нафар астронавт: Нил Армстронг, Баз Олдрин ва Майкл Коллинс Ой томон йўл олди. 4 кундан сўнг, Эагле модули Ойга етиб борди ва 20 июль куни Армстронг ва Олдрин Ой юзасига тушишди.
Бу инсоният тарихидаги энг катта илмий ютуқлардан бири эди. Лекин ҳамма ҳам бунга ишонмади.Лекин бу Нил Армстронг айтганидек «одам учун кичик қадам, лекин инсоният учун улкан сакраш» бўлди.
1969-1972 йиллар оралиғида жами 12 нафар америкалик астронавт Ойга чиққан. Шундан кейин эса Ойга одам юбориш дастури тугатилди.
Нега баъзилар Ойга чиқилмаган деб ўйлайди?
Бугунги кунда ҳам баъзи одамлар Ойга чиқиш «сохта спектакль» бўлган деб ҳисоблайди. Бу фитна назариялари асосан қуйидаги сабаблар билан изоҳланади: Фотосуратлардаги «ғалати» тафсилотлар – Ойда туширилган суратларда юлдузлар кўринмаслиги ва байроқ ҳилпираётгандек кўриниши одамларни шубҳалантирган.
НАСА қайта ойга бормади – Сўнгги 50 йилда Ойга ҳеч ким юборилмаган. Баъзилар бунинг сабабини «аслида ҳеч ким, ҳеч қачон Ойга бормаган» деб тушунтиради. Баъзилар «Ойга чиқиш» фильм суратга олиш павильонида саҳналаштирилган деб ўйлашади. Аммо бу фикрлар илмий асосга эга эмас. Ойда юлдузларнинг кўринмаслиги камеранинг ёруғлик сезгирлиги билан боғлиқ. Байроқ эса ҳилпираётгандек кўринади, чунки у махсус металл сим билан мустаҳкамланган. НАСА Ойга қайтиб бормаганининг сабаби эса, улкан харажат ва технологиянинг ривожланиш йўналишининг ўзгаришидир.
Бундан ташқари, Ойда видео ёзувлар олинган. Аполлон 11 миссиясида астронавтларнинг Ойга қўнган тасвирлари жонли эфирда узатилган. Бироқ, НАСА 2006 йилда ушбу видеолар тасодифан бошқа видео устидан ёзиб юборилганини эълон қилди. Ҳозирда мавжуд бўлган видеолар телеканалларнинг нусхалари асосида тикланган. Айримлар бу ҳодисани шубҳа остига олиб, Ойга чиқиш саҳналаштирилган деб даъво қилишади. Бироқ, НАСА ва мустақил агентликлар мавжуд материаллар ҳақиқат эканини тасдиқлаган. Бугунги кунда ушбу видеолар қайта реставрация қилинган ҳолда расмий манбаларда мавжуд.
Энди Ойга чиқилганини исботловчи фактларни келтирамиз.
Лазер рефлекторлар
Астронавтлар Ойга лазер рефлекторларини ўрнатишган. Бугунги кунда ҳам олимлар уларга лазер сигналларини юбориб, масофани ўлчай олишади.
Ой тупроғи ва тошлари
Келтирилган Ой тошлари дунёнинг турли лабораторияларида ўрганилган ва улар ердаги тоғ жинсларидан бутунлай фарқ қилади.
Орқада қолган ашёлар
Аполлон миссияларида Ой юзасида камералар, байроқлар ва бошқа жиҳозлар қолдирилган. Бугунги кунда ҳам кучли телескоплар уларни тасдиқлай олади.
Хитой ва Ҳиндистоннинг тасдиқлари
Хитой ва Ҳиндистон томонидан фазога юборилган автоматик зондлар Ой юзасидаги изларни тасдиқлаган.
Ойга чиқиш инсоният тарихидаги энг буюк илмий муваффақиятлардан биридир. Ҳозирги вақтда ҳам янги миссиялар режалаштирилмоқда. НАСА 2026 йилда Артемис дастури доирасида Ойга яна одам юборишни режалаштиряпти.
Шундай қилиб, Ойга одам юбориш дастлаб сиёсий ва илмий ютуқ сифатида амалга оширилган бўлсада, бугунги кунда Ойга қайтиш режаларида ресурсларни қазиб олиш ва узоқ муддатли космик экспедициялар учун таянч базалар яратиш мақсад қилинган.
Сиз қандай фикрдасиз? Инсоният Ойга чиқганми ёки бу тарихий фитнами? Фикрларингизни комментларда кутамиз!
<iframe width="791" height="445" src="https://www.youtube.com/embed/_wG6mxU6dck" title="“Sirli olam”: INSONIYAT OYGA CHIQGANMI? ENG QIZIQ FAKTLAR VA FITNA NAZARIYALARI" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>
Ирода Жўраева, Аброр Содиқов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА