Жорий йилнинг 21-25 апрель кунлари Туркманистоннинг Ашхобод шаҳрида II Халқаро математика олимпиадаси бўлиб ўтди. Унда 15 га яқин мамлакатдан 250 нафарга яқин иқтидорли ўқувчи иштирок этди. Олимпиадада Ўзбекистон терма жамоаси жами 17 та медал – 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медалини қўлга киритиб, муносиб натижа қайд этди.
Мамлакатимиз шарафини муносиб ҳимоя қилганлар қаторида Сирдарё вилоятидан ҳам бир қатор иқтидорли ўқувчилар бор.
Гулистон шаҳридаги 2-сон ихтисослаштирилган мактаб-интернати 9-синф ўқувчиси Азизбек Мамажонов олтин медалга сазовор бўлди. Бу ёш математикнинг биринчи йирик халқаро ютуғи бўлиб, унинг меҳнати ва билимга бўлган интилиши алоҳида эътирофга лойиқ.
Шунингдек, ушбу ўқув даргоҳининг 11-синф ўқувчиси Беҳруз Боймуродов ҳамда Р.Босимов номидаги хусусий мактабнинг 10-синф ўқувчиси Сардор Ўразалиевлар эса бронза медалларини қўлга киритишди.

– Ушбу муваффақиятлар ўқувчиларимизнинг фаол таълим олиши, устозларининг меҳнати ва соҳадаги ислоҳотлар самараси ҳисобланади. Ўзбекистон терма жамоаси ўтган йилги шу турдаги олимпиадада жами 9 та медални қўлга киритган эди. Жорий йилдаги натижа эса кўрсаткичнинг икки баробарга яқин ошиб борганини кўрсатади,–дейди Сирдарё вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Наргиза Холбоева.
Бу каби халқаро мусобақалардаги ютуқлар мамлакатимизда иқтидорли ёшларни аниқлаш, уларни рағбатлантириш ва фанларга бўлган қизиқишини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири