“Сирдарёда бизнес қилинг” халқаро инвестиция форуми доирасида вилоят тараққиётида янги саҳифа очиладиган муҳим воқеа рўй берди. Сирдарё туманидаги “Peng Sheng” саноат мажмуаси ҳудудида инновацион йўналишдаги йирик лойиҳа — “Peng Sheng Wenren Zhigu” қурилишига тантанали равишда пойдевор қўйилди.
Бугунги кунда мазкур саноат мажмуаси мамлакатимиздаги энг йирик ва самарали инвестиция лойиҳаларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Комплексда 2 мингдан зиёд юртдошимиз меҳнат қилиб, юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Бу маҳсулотлар нафақат ички бозорда, балки хорижда ҳам катта талабга эга бўлиб, экспорт ҳажми йил сайин ўсиб бормоқда. Шу билан бирга, ишчилар учун қулай меҳнат ва дам олиш шароитлари, спорт ва маданий инфратузилмалар яратилгани ҳам муҳим аҳамиятга эга.
[gallery-25165]
Эндиликда комплекснинг учинчи босқичи — “Peng Sheng Wenren Zhigu” лойиҳаси амалга оширилади. 70 гектар майдонда барпо этилиши режалаштирилган мазкур лойиҳа доирасида замонавий полиэтилен қувурлар ва керамика санитария воситалари ишлаб чиқариш комплекслари қурилади. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган уруғчилик комплекси ташкил этилиб, уруғларнинг генетик тозалигини таъминлаш мақсадида молекуляр-генетик таҳлил лабораторияси ҳам фаолият юритади. Бу лаборатория ўсимликларнинг генетик хосиятларини аниқлаш, юқори самарали ва сифатли уруғларни селекция қилиш имконини беради.
Лойиҳа доирасида замонавий технологиялардан кенг фойдаланиб, маҳаллий ва экспорт эҳтиёжларини қоплайдиган юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Шу билан бирга, маҳаллий мутахассисларнинг малакасини ошириш, замонавий иш ўринлари яратиш ва ёшлар учун касбий ўсиш имкониятларини кенгайтириш ҳам кўзда тутилган.
“Бир йўл, бир макон” ташаббуси доирасида амалга оширилаётган мазкур лойиҳа нафақат саноатни чуқур диверсификация қилиш, балки ҳудудий иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш ва Ўзбекистон ҳамда хорижий ҳамкорлар ўртасидаги стратегик муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Барпо этилиши режалаштирилган янги мажмуа Сирдарё вилоятининг саноат қиёфасини тубдан янгилайди, ҳудуднинг инвестицион жозибадорлигини сезиларли оширади ва минглаб барқарор иш ўринлари яратилишига замин яратади.
Ғулом Примов,
Шаҳриёр Ортиқбоев (сурат) ЎзА мухбирлари