"Сирдарёда бизнес қилинг" халқаро инвестиция форуми доирасида Сирдарё вилояти ҳокимининг рақамлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Ойбек Анваров ҳамда Оман Султонлигининг "Rihal" компанияси бош директори Azzan AI Kindi ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Ушбу келишув Сирдарё вилоятида рақамли иқтисодиёт йўналишида янги имкониятларни очиши, IT соҳасида маҳаллий кадрлар учун кенг имкониятлар яратиши билан аҳамиятлидир. Меморандумга кўра, яқин келажакда вилоятда малакали дастурчиларни иш билан таъминлаш, шунингдек, "Rihal" компаниясининг тўлақонли филиалини ташкил этиш режалаштирилган.

Шу билан бирга, мазкур ҳамкорлик доирасида Оман давлатининг йирик IT ва BPO (Business Process Outsourcing) йўналишида фаолият юритувчи компанияларини ҳам вилоятга жалб қилиш кўзда тутилган. Бу эса Сирдарёда рақамли технологиялар бозорини ривожлантириш, стартапларни қўллаб-қувватлаш ҳамда инновацион хизматлар турини кенгайтиришда муҳим қадам бўлади.
Маълумот учун шуни айтиш мумкинки, "Rihal" компанияси бош офиси Оман Султонлигида жойлашган. Мазкур компания рақамлаштириш ва ахборот технологиялари соҳасида халқаро миқёсда тан олинган етакчилардан бири ҳисобланади. Компания турли мамлакатларда рақамли хизматлар кўрсатиш, дастурий таъминот ишлаб чиқиш ва IT инфратузилмани ривожлантириш бўйича кенг тажрибага эга.

Ана шундай йирик компаниянинг Сирдарёда фаолият бошлаши вилоятнинг инвестицион жозибадорлигини янада ошириши, ёшлар учун замонавий касбий билим ва малака эгаллаш имкониятларини кенгайтириши шубҳасиз.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири