Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Сирдарё вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва устувор вазифалар муҳокама қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижадорлиги ва келгуси устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.

Сўнгги йилларда амалга оширилган янгиланишлар натижасида вилоят иқтисодиётида муҳим таркибий ўзгаришлар рўй бергани қайд этилди. Илгари асосан қишлоқ хўжалигига боғланиб қолган ҳудудда саноат ва хизматлар соҳаси жадал ривожланиб, бизнес муҳити яхшиланди, илғор тадбиркорларнинг қатлами шаклланди.

Ўтган йили Сирдарё вилояти иқтисодиёти 9,8 фоизга ўсди. Саноат ишлаб чиқаришида 8,2 фоизлик ўсиш таъминланиб, бу кўрсаткич бўйича вилоят ҳудудлар орасида тўртинчи ўринни эгаллади. Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми ҳам изчил ўсиб бормоқда. 2017 йилда 10 миллион сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йилга келиб, 38,1 миллион сўмга етди, яъни қарийб 3,8 баробарга ошди.

Ўтган йили вилоятда 42 та йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, уларнинг умумий қиймати 333 миллион доллардан ошди. Ушбу лойиҳалар доирасида 17,5 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.

Йиғилишда Сирдарёни Хитой тажрибаси асосида илғор инновацион ҳудудга айлантириш бўйича амалга оширилаётган ишларга алоҳида тўхталинди. Хитой провинциялари билан тўғридан-тўғри ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Шунингдек, Корея Республикаси, Япония ва Малайзияга амалга оширилган хизмат сафарлари доирасида қатор инвесторлар билан музокаралар ўтказилди, юзлаб миллион долларлик лойиҳалар шакллантирилди. Жумладан, Гулистон туманида 300 миллион долларлик чорвачилик мажмуаси ва болалар учун озиқ-овқат ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича келишувга эришилди. Янгиер шаҳрида Франциянинг “Bonduelle” компанияси билан ҳамкорликда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган.

Шу билан бирга, рақамли иқтисодиёт, косметика саноати, агросаноат ва қайта ишлаш соҳаларида ҳам янги инвестиция ташаббуслари ишлаб чиқилмоқда. Хусусан, Ширин шаҳрида дата-марказ, Гулистон шаҳрида инкубация ва акселерация марказларини ташкил этиш бўйича лойиҳалар шакллантирилган.

Йиғилишда жорий йилда вилоятга 3 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш ва экспорт ҳажмини 500 миллион долларга етказиш вазифаси қўйилди. Бунинг ҳисобига ялпи ҳудудий маҳсулотни 9 фоизга, саноатни 8,2 фоизга, хизматлар соҳасини 15,4 фоизга, қишлоқ хўжалигини 6,8 фоизга ва қурилиш ҳажмини 15 фоизга ошириш режалаштирилган.

Бандлик ва камбағалликни қисқартириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йили камбағаллик даражаси 11,3 фоиздан 6,2 фоизга туширилди. Бироқ бу кўрсаткич ҳали ҳам республика ўртача даражасидан юқори экани қайд этилди.

Жорий йилда тадбиркорлик лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш учун 10 триллион сўм ресурс ажратилмоқда. Мазкур маблағлар асосида 185 минг аҳолини иш билан таъминлаш, ишсизлик даражасини 4,6 фоизгача, камбағалликни эса 3 фоизгача қисқартириш режалаштирилган. Гулистон, Ширин, Янгиер шаҳарлари, Сардоба, Сайхунобод, Сирдарё ва Ховос туманларини ишсизлик ҳамда камбағалликдан холи ҳудудга айлантириш чоралари кўрилади.

Бу борада “Меҳнатсевар аёл”, “Тенг имкон – инклюзив бандлик”, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” каби дастурлар доирасида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда янги иш ўринларини яратиш ва аҳолининг даромад манбаларини кўпайтириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Йўналтирилган 100 миллион доллар ҳисобига вилоятда 47 та мактаб, 45 та боғча, 35 та тиббиёт муассасаси ҳамда 18 та спорт ва маданият объектини тўлиқ таъмирлаш топширилди.

Ўтган йилда Гулистон шаҳридаги 22 минг хонадонни узлуксиз ичимлик суви билан таъминлаш масаласи ҳал этилди. Мирзаобод, Сардоба, Боёвут, Ховос туманлари ва Янгиер шаҳридаги 12 минг хонадон ҳам доимий ичимлик суви билан таъминланмоқда.

Муҳандислик инфратузилмасини ривожлантириш доирасида жорий йилда 349 километр электр тармоқлари қуриш, 99 та трансформатор ўрнатиш, шунингдек, сув тармоқларини кенгайтириш ҳисобига аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш даражасини 89,5 фоизга етказиш режалаштирилган.

Шунингдек, вилоятда уй-жой қурилиши жадал давом эттирилмоқда. 2026 йилда 3,5 минг хонадондан иборат 80 та кўп қаватли уй қуриш, жумладан, 1,5 минг хонадонни “Янги Ўзбекистон” массивларида барпо этиш ҳамда реновация дастури асосида янги уй-жойлар қуриш режалаштирилган.

Қишлоқ хўжалигидаги имкониятлардан самарали фойдаланиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Сирдарёда экин майдонлари жон бошига бошқа қатор ҳудудларга нисбатан анча кўп бўлиб, сув таъминоти ҳам яхши. Бироқ мева-сабзавот экспорти ҳозирча 60 миллион доллардан ошмаётгани қайд этилди.

Бу борада “Сирдарё агро инвест” компаниясини ташкил этиб, Ховос туманида сув тежовчи ва юқори агротехнологиялар асосида даромадли экин майдонларини шакллантириш ҳамда уларни “тайёр бизнес” шаклида аҳолига таклиф қилиш режалаштирилган. Дастлаб 12 минг гектар ер майдонида ушбу механизмни жорий этиш кўзда тутилган.

Жорий йилда 20,8 минг гектар ер майдонида сув таъминотини яхшилаш ва 748 миллион куб метр сувни тежаш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда Венгрия тажрибаси асосида Ховос туманидаги қатор маҳаллаларда “ақлли қишлоқ” пилот лойиҳасини амалга ошириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Унда маҳаллаларга ажратилаётган маблағлар шаффофлиги, хавфсизлик, экологик ҳолат, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш ва тадбиркорлик имкониятлари ҳақидаги маълумотлар очиқ рақамли тизим орқали аҳолига етказиб борилади.

Йиғилиш якунида мутасаддиларга қатор аниқ топшириқлар берилди. Жумладан, Гулистон шаҳридаги “Сирдарё” эркин иқтисодий зонасида камида 5 минг иш ўринли инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш, қуёш панеллари ишлаб чиқариш бўйича 100 миллион долларлик лойиҳани ишга тушириш, “Феруз” подстанцияси трансформаторларини модернизация қилиш вазифалари белгиланди.

Шунингдек, Боёвут туманида “Султонҳовуз” сув омбори қурилиши бўйича техник-иқтисодий асос ишлаб чиқиш, вилоят йўлларини таъмирлаш учун халқаро молия институтлари маблағларини жалб қилиш, Мирзаобод туманида анорни сақлаш ва қайта ишлаш агромажмуасини ташкил этиш ҳамда замонавий кўчатчилик марказларини очиш бўйича топшириқлар берилди.

Президентимиз ёшларни замонавий касб ва тилларга ўқитишга ҳам алоҳида эътибор қаратиб, халқаро стандартлар асосида малакани баҳолаш марказларини ташкил этиш ва камида 2 минг ёшни касб-ҳунарга тайёрлаш зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари вилоятда амалга оширилаётган ҳар бир лойиҳа аҳоли даромади ва турмуш даражасида ўзининг амалий аксини топиши лозимлигини қайд этиб, белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди.