Гулистон шаҳридаги “Golden pure feed” корхонасида эса “Балиқчилик, паррандачилик ва чорвачилик учун углеводларга, ҳазмланувчи моддаларга бой озуқа хомашёсининг гидробарометрик ишловдан сўнг ҳажми ва тўйимлилик жиҳатлари оширилган, экструдияланган озуқа ем тайёрлашни йўлга қўйиш” бўйича тижоратлаштириш лойиҳаси амалга оширилди.

Лойиҳа натижасида озуқа яхшироқ ҳазм бўлиши таъминланиб, ҳайвонларнинг ўсиши ва маҳсулдорлигини оширишга эришилди. Натижада ҳудуддаги чорвачилик ва балиқчилик тармоқларида маҳсулот сифати ва ҳажми сезиларли даражада кўтарилди.
***
Миллий меросимизнинг ажралмас қисми бўлган Қорабайир зотли отларни кўпайтириш ҳамда уларни от спортига кенг жалб этиш мамлакатимизда от спорти турларини янада ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга. Шунга кўра, “Yaksart tulpori” фермер хўжалиги томонидан “Қорабайир от зотининг наслини яхшилаш, озиқлантириш, кўпайтириш ва от спорти ўйинларига тайёрлаш технологияси” лойиҳаси йўлга қўйилди.

Ҳозир Қорабайир от зотининг генетик салоҳиятини яхшилаш, уларни тўғри озиқлантириш ва кўпайтириш технологиялари муваффақиятли жорий қилинган.
Натижада отларнинг спорт кўрсаткичлари сезиларли даражада ошди ва минтақада от спорти ўйинларига юқори сифатли тайёргарлик кўрилди.
***
Боёвут туманининг Сармич ва Жулангар маҳаллалари аҳолиси учун миграциядан қайтган ва касалликни юқтириб олган кишилардан ҳаво томчи йўллари орқали ўтадиган туберкулёз касаллиги, унинг олдини олишга қаратилган тиббий-профилактик тарғибот тадбири ўтказилди.

Сирдарё вилоят даволаш-профилактика муассасалари ва туман тиббиёт бирлашмаси тор доирадаги мутахассислари томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонд Сирдарё бўлимининг ходимлари ҳам иштирок этиб, сўнгги вақтларда юртимизда "Туберкулёздан холи Ўзбекистон" лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар, ўтказилаётган тиббий-профилактик кўриклар, уни ўтказишдан кўзланган мақсад тўғрисида сўз юритди.

8-сонли оилавий поликлиникада ўтказилган текширувларда туберкулёз касаллигига шубҳа қилинган 20 нафар фуқарога қайта текширувдан ўтиш учун йўлланма, қолганларга маслаҳат ва тавсиялар берилди.
Кўрикдан ўтувчиларга "Соғлом авлод учун" халқаро хайрия фонди Сирдарё вилоят бўлими томонидан витаминлар комплекси, дори-дармон, кўзойнаклар тақдим этилди.
***
Боёвутда спортнинг чим устида хоккей тури бўйича ўрта ва кичик ёшдаги ўсмирлар ўртасида вилоят кубоги мусобақаси ўтказилди.

Қизғин, муросасиз ва тенг курашларга бой тарзда ўтган чим устида хоккей мусобақасида 3-ўринни Ховос тумани, 2-ўринни Боёвут тумани жамоалари қўлга киритган бўлса, биринчи ўринга Сайхунобод тумани жамоаси муносиб кўрилди. Ушбу жамоага вилоят босқичида иштирок этиш учун йўлланма берилди.
Мусобақа сўнгида иштирокчиларга ташкилотчиларининг диплом ва эсдалик совғалари тақдим этилди.
Ғулом Примов,
ЎзА мухбири