Боёвут туманидаги “Тинчлик” маҳалласида “Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла” дастури асосида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу бунёдкорлик ишларига Боёвут тумани ирригация бўлими жамоаси ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда.
– Шу кунгача “Деҳқонобод” ва “3-Боёвут”, “2-Боёвут” ҳудуди тозаланмоқда, – дейди Боёвут тумани ирригация бўлими мутахассиси Ғ.Зарипов. – “Тинчлик” маҳалласидан ўтган зовурнинг 4,5 километрлик қисми тозаланди, ҳозирда 3 километрдан ортиқ жой тозаланиб, ободонлаштирилди. Шунингдек, “Олтинсой” коллекторининг 130 километр масофасида таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Таъмирлаш ишларига 5 дона экскаватор жалб қилинган.

***
Гулистон тумани ҳокими Ўлмасжон Мамадаминов, туман сектор раҳбарлари ҳамда чет элда ишлаш учун кетган ота-оналар фарзандлари ҳамда васийликка олган фуқаролар билан биргаликда онлайн мулоқот ўтказди. Мулоқот давомида ота-оналарнинг таклиф ва муаммолари тингланди. Саволларга мутасадди ташкилот раҳбарлари томонидан жавоб берилди. Шунингдек, бўлиб ўтган онлайн мулоқот давомида туман ҳокими ташаббуси билан ҳар ойда бир маротаба мана шундай онлайн мулоқот ўтказиш таклифи айтилди.

***
Сайхунобод туманидаги “Шаҳзоджон Фозилович” фермер хўжалигида сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича кўргазмали семинар ташкил этилди. Унда мутасадди ташкилотларнинг масъуллари, соҳа мутахассислари, фермер хўжаликлари ва кластерлар вакиллари иштирок этди. Ушбу хўжаликнинг 60 гектар пахта майдонида Туркия технологияси асосида томчилатиб суғориш ўрнатилган. Авваллари 20–25 центнер пахта етиштирилган далалардан, бу йил 40–45 центнер ҳосил олиниши мўлжалланмоқда. Семинар иштирокчиларига сув тежовчи технологияларнинг афзалликлари ва имкониятлар ҳақида маълумот берилди.



***
Бугунги кунда мамлакатимизда ахборот технологиялари йўналишида 9 мингдан ортиқ хотин-қизлар меҳнат фаолиятини олиб бормоқда. Сўнгги уч йилда Республика миқёсида дастурчи хотин-қизлар учун қатор лойиҳалар маҳаллий ва хорижий танловлар, минглаб иштирокчиларга янги лойиҳаларни амалга ошириш учун молиявий кўмак берилмоқда. Хотин-қизларни IT соҳасига қизиқтириш, тарғибот ишларини олиб бориш мақсадида Гулистон шаҳрининг “Ёшлар маркази” мажлислар залида “Beautify”стартап лойиҳаси асосчилари Нигора Оқилова ва Наргиза Қосимова иштирокида “IT соҳасида хотин-қизларнинг ўрни” мавзусида семинар-тренинг ўтказилди. Семинарда туман ва шаҳарлардан келган хотин-қизлар фаоллари қатнашди.


***
Вилоят Экология бошқармасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 31-майдаги “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги фаолиятига оид ПФ-81-сон фармони ҳамда ПҚ-171-сон қарорининг мазмун-моҳияти ва ижроси юзасидан амалга ошириладиган ишлар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.
Тадбирда вилоятда фаолият олиб бораётган босма ва электрон ОАВ вакиллари, журналистлар, блогерлар, вилоятдаги бошқарма, ташкилот ва муассасалар ахборот хизматлари раҳбарлари ҳамда вилоятда фаолият олиб бораётган тадбиркорлар иштирок этди. Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа ходимларидан батафсил жавоб олди.


Шуҳрат Суяров, ЎзА